Ўзбекистонда 15 октябрдан карантин чоралари яна қаттиқ кучайтириладими

Нурмат Отабеков Ўзбекистонда қатъий карантин чоралари қайтарилиши борасидаги миш-мишларга ойдинлик киритди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Республика махсус комиссияси ва Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков Ўзбекистонда қатъий карантин чоралари қайтарилиши борасидаги миш-мишларга ойдинлик киритди.

Унинг сўзларига кўра, республикада ҳали карантин чоралари бекор қилинмаган, балки юмшатилган.

Отабеков фуқароларнинг нотўғри тушунганликлари натижасида аҳоли орасида  коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони камаймаётганлиги сир эмаслигини таъкидлади.

“Бир нарсани унутмаслик керак “мен, сен, улар” дейилганидек, карантин тадбирлари кучайтирилиши ва юмшатилиши бизнинг хатти-ҳаракатларимизга боғлиқ, агар биз карантин ва чеклов тадбирларини менсинмас эканмиз, профилактик тадбирларни унутиб қўярканмиз, мутахассис шифокорларнинг тавсияларига риоя этмас эканмиз, у ҳолда касаллик кўпайиб кетишига ва Республика махсус комиссиясини карантин чоралари кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилишга мажбур қиламиз”, - деди республика бош санитария инспектори Отабеков.

Мутахассис аҳолига карантин чораларининг кучайтирилиши каби тахминларга ишонгандан кўра ўзининг профилактик тадбирларни амалга оширишга бўлган муносабатини ўзгартириш мақсадга мувофиқ эканлиги қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 15 августдан бошлаб карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилган эди.