Ўзбекистон ва Швейцария Гулнора Каримова маблағларини қайтариш шартларини келишиб олди

Ўзбекистон ва Швейцария Гулнора Каримова ҳисобидан мусодара қилинган маблағларни қайтариш шартлари борасида келишувга эришди. Активлар аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, барқарор ривожланиш лойиҳаларига сарфлаши керак.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Швейцария Ўзбекистон билан мамлакатга Гулнора Каримовага нисбатан жиноят иши доирасида мусодара қилинган маблағларни қайтариш шартлари бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Швейцария ҳукумати баёнотида сўз боради.

Икки мамлакат имзолаган келишувга биноан Гулнора Каримовага тааллуқли бўлган ҳисоб-рақамлардан олинган 131 миллион доллар Ўзбекистонга қайтарилади.

Адлия вазирлиги: Активларни қайтаришда Гулнора Каримованинг роли умуман йўқ

Яқин кунларда расмийлаштирилиши кутилаётган битимда реституция қилишнинг асосий тамойиллари баён қилинган. Хусусан, Ўзбекистон қайтарилган активларни аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, барқарор ривожланиш лойиҳаларига сарфлаши керак. Бундан ташқари, ушбу маблағлар харажати устидан шаффоф мониторинг ўрнатилиши лозим.

Гулнора Каримовага тааллуқли яна 650 млн Швейцария франки (715 миллион доллар) музлатиб қўйилган. Ҳозирча бу маблағлар Каримовага нисбатан жиноий иш кетаётганлиги учун ушлаб турилади. Ушбу маблағлар берилган тақдирда ҳам юқоридаги шартлар асосидагина Ўзбекистонга қайтарилади

2012 йил Швейцария бош прокуратураси Гулнора Каримовага нисбатан олиб борилаётган жиноят иши доирасида 800 млн Швейцария франкига тенг маблағли активларни музлатиб қўйган эди. Ушбу сумманинг 131 млн доллари 2019 йилда мусодара қилинган.

Гулнора Каримова ўтган йилнинг баҳоридан Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21 рақамли умумий режимдаги колонияда жазони ўтамоқда. Март ойида Олий суд унинг 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар берган эди.

Май ойида Каримованинг 10 млн долларлик активи Франциядан қайтарилган эди. Адлия вазирлиги Гулнора Каримовага тегишли бўлган ва мамлакатга қайтарилаётган маблағларнинг сарфланиши ҳақида жамоатчиликни доимий равишда хабардор қилишини маълум қилган эди.