“Korean and migration xususiy bandlik agentligi” мансабдорлари узоқ муддатга қамалди

Яккасарой туман суди фуқароларни катта пулга чув туширган “Korean and migration xususiy bandlik agentligi” мансабдорлари устидан ҳукм чиқарди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида “Korean and migration xususiy bandlik agentligi” мансабдорларига суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Суд ҳукмига кўра:

Korean and migrations” xususiy bandlik agentligi” МЧЖ директори Қаҳрамон Отақулов узил-кесил 9 йил;

Агентликнинг Наманган вилоят филиали директори Одил Кабилов узил-кесил 9 йил;

Агентлик таъсисчиси Хушвақт Турдиев 8 йил 3 ой;

Агентликнинг ўқув ишлари бўлими директори Мусурмон Алиқулов 8 йил 3 ой;

Тошкентда 2300 дан зиёд кишини чув туширган агентлик қаллоблари устидан суд бошланди

Агентликнинг Наманган вилоят филиали иш юритувчиси Анваржон Шамшиддиновга 8 йил 3 ой;

Агентликнинг Наманган вилоят филиали ғазначиси Орифжон Жўраев 8 йил 3 ой;

Агентликнинг ҳамкори Канг Нам Кюга 8 йил 6 ой;

Воситачи Жолол Хидировга 6 йил;

Воситачи Фурқат Камалов 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Маҳкумлар 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Шунингдек, агентликнинг ҳисобчиси Мавлуда Отажоновага 5 йил 9 ой 21 кун, агентликнинг кадрлар бўлими инспектори Раъно Нуралиевага 6 йил 1 ой, МЧЖ агенти Ирода Джабборовага 6 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ҳамда тайинланган жазо шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.

Судланувчилар Ўзбекистон ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ва бошқа моддаларда назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Судланувчилардан жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундириш белгиланди.