ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. ИИВ ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда 2020 йил 11 сентябрь куни “Андижонда шифокор ИИБ ходими томонидан калтакланди” сарлавҳаси остида видеолавҳа бўйича маълумот берди.
Ушбу видеолавҳада ИИБ ходими навбатсиз текширувдан ўтишни ҳохлагани, натижада жанжал юзага келиб, у томонидан шифокор калтаклангани айтилган.
Андижон вилояти ИИБ ахборот хизматининг берган маълумотига кўра, 2020 йил 29 август куни соат 13:30ларда туман ИИБ профилактика инспекторига Андижон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 3-сонли қишлоқ оилавий поликлиникада жанжал бўлганлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Аниқланишича, мазкур поликлиника умумий амалиёт шифокори фуқаро О.Ю. шу куни иш фаолиятини олиб бораётган вақтида Андижон тумани Кенгаш МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро М.Ғ. жияни М.А.нинг соғлиғи ёмонлашганлиги учун уни тиббий кўрикка олиб келган. Сўнгра ҳақиқатдан навбат талашиб, фуқаро ва шифокор ўртасида ўзаро келишмовчилик ва жанжал келиб чиққан. Шифокорнинг тушунтиришига кўра мазкур ҳолат юзасидан унда ҳеч кимга нисбатан даъвоси йўқ, келишмовчилик оқибатида тан жарохати олмаган.
Ўз навбатида, иккинчи томон М.Ғ. ҳам икки томонлама жанжал ўзаро тушунмовчилик натижасида келиб чиққанлигини, шифокордан кечирим сўраб, тартибсизлик қилганидан пушаймон эканлигини, хозирда шифокорга нисбатан эътирози йўқлигини, тан жароҳати олмаганлигини баён қилган.
Томонлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳамда иш бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқий баҳоланиб, ички ишлар органлари томонидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Вазирлик хабарида ёзилишича, ички ишлар органлари ходимлари мазкур келишмовчиликда иштирок этишмаган.
Шу билан бирга, вилоят ИИБ ахборот тарқатувчи телевизион каналлар ва айрим ижтимоий тармоқлардан, жамоатчиликка эълон қилинаётган маълумотларни текшириб, холислигига ишонч ҳосил қилганидан сўнг аҳолига етказишларини сўраган.
“Текширилмаган ва ёлғон ахборотни, шунингдек ички ишлар органлари ходимларини обрўсизлантиришга қаратилган маълумотларни тарқатиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликни келтириб чиқаришини унутмасликларини сўраб қоламиз”, - дейилган хабар сўнггида.
Бош прокуратура ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.