Ўзбекистонда ўқитувчилардан "COVID-19"га қарши тест олиш бошланди

Лаборатория таҳлили натижасида касаллик аниқланган ўқитувчилар рўйхатга олиниб, уларнинг ҳолати ҳудудларда ташкил этилган мобиль тез тиббий ёрдам гуруҳлари томонидан ўрганилмоқда, касаллик симптомлари аниқланган ўқитувчилар шифохоналарда даволанишга юборилмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 сен - Sputnik. Ўзбекистонда ўқитувчилардан "COVID-19"га қарши тест олиш бошланди, деб хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Ўзбекистон Россия вакцинасини харид қилиш имкониятини ўрганмоқда

"2020 йил 11 сентябрь ҳолатига кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ўрта таълим мактабларининг жами 486 521 нафар ўқитувчиларнинг 275 616 нафари (56,6 фоизи) махсус лаборатория усулида коронавирус инфекциясига текширувдан ўтказилди.

Лаборатория таҳлили натижасида касаллик аниқланган ўқитувчилар рўйхатга олиниб, уларнинг ҳолати ҳудудларда ташкил этилган мобиль тез тиббий ёрдам гуруҳлари томонидан ўрганилмоқда, касаллик симптомлари аниқланган ўқитувчилар шифохоналарда даволанишга юборилмоқда", - дейилади хабарда.

Жавоблар ва саволлар: Россия вакцинаси танқидчиларига

Таъкидланишича, уларнинг аксариятида касаллик симптомсиз ва енгил шаклда кечаётгани кўринмоқда. Бундай ўқитувчилар уй шароиритида даволанишга ўтказилиб, белгиланган даво муолажаларга кўра, уларга бепул коронавирус бокслари (аптечкалар) етказиб берилмоқда.

Шунингдек, бундай ўқитувчилар билан мулоқотда бўлганлар ҳудудий Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари томонидан аниқланиб, уларнинг рўйхатлари карантин тадбирларини жорий этиш учун ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармаларига юборилмоқда

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда барча бошланғич, умумий ўрта таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларини марказлашган тартибда гриппга қарши бепул эмлаш белгиланган эди.