Ўзбекистонда боғчалар 14 сентябрдан очилиши бошланади - МТВ

Мактабгача таълим вазирлиги қатор талабларга жавоб берган ҳолда барча вилоятларда боғчалар очилишига рухсат берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 сен - Sputnik. Ўзбекистонда 14 сентябрдан вилоятларда ҳам давлат боғчалари очилиши бошланади. Бу ҳақида Мактабгача таълим вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида хабар қилинди, Daryo.uz хабарига асосан. 

"Мактабгача таълим вазирлиги 7 сентябрдан 14 сентябргача Тошкент ва Тошкент вилоятининг туманларида биттадан МТТнинг очилишини йўлга қўйди. МТТларининг фаолиятини фақатгина халқ депутатлари Кенгаши ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг рухсати билан муайян МТТга қатновчи боланинг ота-онаси розилиги билан амалга оширилади.

14 сентябрдан бошлаб ушбу жараён бутун республика бўйлаб босқичма-босқич ўтказилади.

Биринчи ўринда, катта ва 5-7 ёшли тарбияланувчилар тайёрлов гуруҳлари очилади. Ўрта гуруҳларнинг (4-5 ёшдаги болалар) очилиши октябрь ойига, кичик гуруҳларнинг (3 ёшдаги болалар) очилиши ноябрь ойига мўлжалланган. Очилиш муддатлари мамлакатдаги эпидемиологик вазиятга қараб ўзгариши мумкин. Бундан ташқари, Жаҳон банки кўмагида 14 мингта инфрақизил контактсиз термометрлар сотиб олинди. Мосламаларнинг вилоятларга етказиб берилиши ва тарқатилиши сентябрь ойининг иккинчи ярмида амалга оширилиши режалаштирилган", – деди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Мактабгача таълим ташкилотлари ишга тушиши учун қуйидаги талаблар бажарилиши керак: 

  • МТТларда тоза сув захираси, тозаловчи ва дезинфекция воситалари мавжуд бўлиши;
  • биноларда кунига 3 маротаба тозаловчи воситалар ёрдамида сувли ва 1 маротаба дезинфекция воситалари орқали тозалаш ишлари, бундан ташқари, кўп муомалага киришувчи юзаларнинг 4 карра дезинфекцияси амалга оширилади;
  • бола тарафидан бўлган вакиллар МТТ ҳудудига киритилмайди;
  • кириш жойларида одамлар тўпланишига йўл қўйилмайди, тарбияланувчилар тасдиқланган жадвал асосида кузатиб қўйилади ва олиб кетилади, уларни тарбиячилар қабул қилиб олади; 
  • Очиқ ҳаводаги машғулотлар ва сайрлар пайтида болалар, тарбиячилар ва уларнинг ёрдамчиларининг бевосита муносабатига йўл қўйилмайди;
  • туман ҳокимиятлари маҳаллий бюджет ҳисобидан сув таъминоти тизимига уланмаган ва артезиан қудуқларига эга бўлмаган давлат МТТга узлуксиз сув захирасини етказиб берилишини таъминлайди;
  • Давлат МТТларни дезинфекциялаш ва тозалаш воситалари, қўллар учун зарурий антисептик воситалар билан таъминлайди.

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин айтишига қараганда карантин вақтида 14 мингта МТТлар, хусусан, 6 мингта давлат, 6700 та оилавий, 753та хусусий ва 692 та ДХШ асосидаги МТТлар фаолиятини тўхтатган эди. МТТ ходимлари тўланадиган меҳнат таътилига юборилди ёки масофавий ишлаш тартибига ўтказилди. Шу билан бирга, 9 фоиз ходимлар ўз хоҳишига кўра ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқишган.