ТОШКЕНТ, 9 сен - Sputnik. "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон президентининг қ а р о р и имзоланди. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилган.
Қуйидагилар Мажмуанинг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда:
Иккинчи жаҳон уруши жангларида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини илмий асосда ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш;
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш;
Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки, фронт ортидаги меҳнат қаҳрамонликлари, юртимизга эвакуация ва депортация қилинган турли миллат вакиллари, хусусан, болаларнинг бағрикенглик билан кутиб олиниши ва уларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилиши сингари тарихий воқеаларни акс эттириш орқали ёш авлоднинг маънавий оламини юксалтириш ва кекса авлод билан ворисийлик туйғусини кучайтириш, юксак гуманизм, она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш;
халқимизнинг тарихий хотира билан яшаб, ўтганлар хотирасини ёд этиши, уларга ҳурмат бажо келтириши, шунингдек, мазмунли дам олиши билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда республика ва халқаро миқёсда илмий-амалий конференциялар, семинарлар, маҳорат дарслари, ижодий кечалар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;
Иккинчи жаҳон уруши даврига оид хорижий музей экспозициялари ва архивлари фондларини ўрганиш, Ўзбекистон халқининг ғалабага қўшган улкан ҳиссасини илмий асослаш учун мақсадли, фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш;
“Шон-шараф” давлат музейи фондлари ва экспозицияларини Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ ҳужжатлар ва бошқа экспонатлар билан мунтазам бойитиб бориш;
Иккинчи жаҳон урушига оид музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш, янгиларини аниқлаш, тўплаш, улар ҳақидаги маълумотларни нашрга тайёрлаш, чоп этиш ва илмий истеъмолга киритиш;
уруш даврида юртдошларимизнинг жанговар ва фронт ортидаги фидокорона хизматларини акс эттирадиган тарихий хотирани мустаҳкамлаш мақсадида таълим муассасалари билан ҳамкорликда Мажмуада очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлари ўтказишни, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини ташкил этиш;
Мажмуада туристлар, тадқиқотчилар ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва унинг туристик салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;
Мажмуа таркибидаги “Шон-шараф” давлат музейи экспозициясини такомиллаштиришда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш ҳамда ноанъанавий кўргазмалар яратиш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ушбу йўналишдаги чет эл музейлари билан кўргазмалар ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;
аҳолига маданий-дам олиш хизматларини кўрсатиш.
Мажмуага ташриф буюриш учун бир марталик чипта нархи Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланади.
Мажмуа бошлиғи Ўзбекистон Республикаси маданият вазири билан келишилган ҳолда мудофаа вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
Мажмуа ҳудудида эсдалик совғалари маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи ҳунармандлар фақат ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотади ва "Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги"га киритилади.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги бир ой муддатда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда Мажмуани юқори малакали кадрлар билан таъминлайди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Мажмуага ички ва ташқи сайёҳларни кенг жалб этиш чораларини кўради.