ТОШКЕНТ, 8 сен — Sputnik. Наманган вилоятида икки нафар эркакни дўппослаган қизга нисбатан жиноят иши очилди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилмоқда.
Ҳодиса 2020 йилнинг 25 июнь куни содир бўлган. 23 ёшли Г.А. жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, Норин тумани Зарбдор МФЙ ҳудудидан ўтган автомобиль йўлида 33 ёшли У.А.ни ҳеч бир сабабсиз қасддан қўллари билан урган. Шунингдек, оёқлари билан тепиб, дўппослаб тан жароҳати етказган.
Бундан ташқари, Г.А. безорилик ҳаракатларини олдини олаётган 30 ёшли А.Н.га фаол қаршилик кўрсатиб, унинг юз қисмига қўллари билан қасддан бир неча маротаба урган.
Мазкур ҳолат юзасидан Г.А.га нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.