Тошкентда сохта сертификатлар билан ўқишга кирмоқчи бўлган абитуриентлар ушланди

Уч фирибгар чет эл ваколатли хайрия органининг Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ташкилоти сертификатини қалбакилаштирган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. Тошкентда сохта сертификатлар орқали ўқишга кирмоқчи бўлган абитуриентларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Sputnik нашрига хабар қилди.

Тест саволларини расмга олиб тарқатган абитуриентлар натижаси бекор қилинади - ДТМ

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Юнусобод туман бўлими томонидан Давлат тест марказининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда фуқаролар С.А., Ф.Ю. ва Х.А.лар сертификатнинг муайян даражаларига эга бўлганлар ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилганлигидан фойдаланиш мақсадида www.abitur.dtm.uz сайти орқали чет эл ваколатли хайрия органининг Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ташкилоти сертификатини қалбакилаштиргани аниқланган. Улар тест синовлари мажмуасига чет тили фани киритилган бакалавриат таълим йўналишларига ҳужжат топширган.

Мазкур ҳолат юзасидан С.А., Ф.Ю. ва Х.А.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 228-моддаси 1 ва 3-қисми билан жиноят иши очилган.

Тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.