Ўзбекистон фуқаролари Ёқутистонга ишга жалб этилади

Ёқутистон Ташқи алоқалар ва халқ ишлари вазири коронавирус пандемияси даврида қурилиш ишлари, ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб соҳаларда ишчи кучлари етишмаётгани ва уларга бўлган талаб юқорилигини айтди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Ўзбекистон фуқаролари Ёқутистонга ишга жалб этилади. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар қилмоқда.

Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан фуқароларни ишга жойлаштириш масалалари бўйича аниқ келишувларга эришиш мақсадида Россия Федерацияси Саха Республикасининг (Ёқутистон) вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирокида видеоконференцалоқа шаклида учрашув ташкил этилди.

Яна 287 нафар ўзбекистонлик Россияга ишлашга жўнаб кетди

Учрашувда иштирокчиларга Ўзбекистон ҳукумати томонидан хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда хорижий иш берувчилар талабидан келиб чиққан ҳолда фуқароларнинг малакасини ошириш учун касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, махсус курслар ва мономарказлар ташкил этилаётганлиги тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Ёқутистон Ташқи алоқалар ва халқ ишлари вазири Г.Кириллин коронавирус пандемияси даврида Ёқутистонда амалга оширилаётган қурилиш ишлари, ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб соҳаларда ишчи кучлари етишмаётгани ва уларга бўлган талаб юқорилиги ҳақида сўз юритиб, Ўзбекистон билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Бош консулхона тадбир иштирокчиларига коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон фуқароларини Россияга чартер рейслар орқали олиб келиш тартиби тўғрисида маълумот берди.

Шунингдек, иш берувчиларнинг имкониятлари, меҳнат мигрантларига яратиб бериладиган шароитлар, уларга қўйиладиган талаблар ва иш ҳақи миқдори каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.