"Ўзбекгидроэнерго" ОТБ билан учта ГЭС қуришга келишди

Ушбу янги ГЭСларни 2022 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. ГЭСларнинг умумий ўрнатилган қуввати 24 МВтни ташкил этади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 сен - Sputnik. Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасида "барқарор гидроэнергетика" лойиҳаси доирасида Оқсу дарёсида Рабат ГЭС ҳамда Чаппасуй ГЭС қурилиши ва Оқдарё-Оқсу дарёсида Тамшуш ГЭС қурилиши лойиҳаларини молиялаштириш учун 25 йил муддатга  60 млн АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилиши бўйича заём келишуви имзоланди.

Сирдарёда кичик ГЭС қурилиши бошланди

Ушбу ҳамкорлик доирасида "Ўзбекгидроэнерго" АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ва Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси  раҳбари Синтия Малвичени ўртасида лойиҳа келишувлари имзоланди, деб хабар беради "Ўзбекгидроэнерго" АЖ Ахборот хизмати

Мазкур ГЭСлар қурилишига жалб этилган кредит маблағлари лойиҳалар доирасида Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида тендер савдолари асосида танлаб олинган бош пудратчи молиялаштирилади.

Оқсу дарёсида Рабат ГЭС ва Чаппасуй ГЭС қурилиши ва Оқдарё-Оқсу дарёсида Тамшуш ГЭС қурилиши инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асослануви "Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 июлдаги "Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган тартибда Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилган.

Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёси ҳавзасида ГЭС қуриш масаласини муҳокама қилмоқда

Умумий қиймати 60,0 млн АҚШ долларига тенг Оқсу дарёсида Рабат ГЭС қурилиши, Оқсу дарёсида Чаппасуй ГЭС қурилиши ва Оқдарё-Оқсу дарёсида Тамшуш ГЭС қурилиши инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосномасига мувофиқ,  қурилиш ва монтаж ишлари  учун жалб қилинаётган кредитнинг 21,6 млн АҚШ доллари, машина ва ускуналари учун  23,6  млн АҚШ долларига тенг қисмидан фойдаланилади. Кредитнинг қолган маблағлари лойиҳани бошқариш ва салоҳиятини ошириш, лойиҳа олди харажатлари ҳамда юқори кучланиш тармоғи учун фойдаланилади.

Ушбу янги ГЭСларни 2022 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Янги ГЭСларнинг умумий ўрнатилган қуввати 24 МВтни ташкил этади: Рабат ГЭС – 6,2 МВт, Чаппасуй ГЭС–7,5 МВт, Тамшуш ГЭС–10,3 МВт.

Мазкур лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида  97.5 млн. кВт/соат арзон ва экологик соф электроэнергия ишлаб чиқарилиши ҳамда янги ГЭСларда 40 дан ортиқ янги иш ўринлари яратиш, мамлакат энергетика балансида гидроэнергетика улушининг ўсиши ва ёқилғи ресурсларини тежаш, тобора ошиб бораётган электроэнергияга  бўлган талабни қондириш имконини беради.

Ўзбекистонда беш йил ичида тўртта йирик ГЭС ишга туширилади

"Ўзбекгидроэнерго" АЖ томонидан замонавий технологияларга асосланган “Лойиҳалар фабрикаси” механизмини жорий қилган ҳолда янгидан-янги лойиҳаларни узлуксиз ишлаб чиқарилиши ҳамда бу борадаги кўламли ишлар Инвестиция дастури доирасида амалга оширилмоқда.

Шу ўринда жамият томонидан жорий йилда "лойиҳалар фабрикаси" бўйича дастлабки умумий қиймати 1,57 млрд.долларга тенг, қуввати 907,5 МВт бўлган 23 та инвестиция лойиҳаси тайёрланмоқда, шундан қиймати 1,37 млрд. долларлик 14 та лойиҳа доирасида 637,25 МВт янги қувватлар яратилади ва қиймати 190 млн долларлик 9 та лойиҳа доирасида 270,3 МВт қувватлар модернизация қилинади.  

Қирғизистон Ўзбекистонни ГЭС қуришга чақирди

"Ўзбекгидроэнерго" АЖ Ўзбекистонда эълон қилинган карантин даврида ҳам карантин талабларига тўлиқ амал қилган ҳолда аҳолига узлуксиз арзон электр энергиясини етказиб бериш борасидаги фаолиятини жадаллик билан олиб бориб, шу йилнинг ўтган 7 ойи давомида, умумий қуввати 22,4 МВт бўлган Шаҳрихон ГЭСлар каскади Жанубий Фарғона канали ГЭС-2 ва Қодирия ГЭСлар каскади ГЭС-3 нинг модернизацияси лойиҳаларини якунлаб фойдаланишга топширди.

Йил якунига қадар қуввати 95,9 МВт га тенг қўшимча 4 та лойиҳани, яъни Қамчиқ ГЭС ва  Зарчоб кичик ГЭСлар каскади ГЭС- 1 қурилиши ҳамда Тошкент ГЭСлар каскади ГЭС-9 ва Қуйи-Бўзсув ГЭСлар каскади ГЭС-14  модернизациясини якунлашга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, йил давомида фойдаланишга топширилган лойиҳалар сони 6 тага, қўшимча қувватлар ҳажми 118,3 МВт га ва яратилган янги иш ўринлари сони 100 тага етказилади.