ТОШКЕНТ, 5 сен - Sputnik. Энергетика вазири Алишер Султанов Ўзбекистон Байдарка ва каноэ федерацияси президентлигига сайланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси матбуот-хизмати.
Тайинлов бугун ZOOM платформасида Ўзбекистон Rowing&Canoe федерациясининг навбатдан ташқари онлайн ҳисобот-сайлов конференцияси давомида рўй берган.
Йиғилиш давомида Байдарка ва каноэ федерацияси раиси Худоёр Аҳмедов ўз хоҳишига кўра лавозимдан бўшаш тўғрисида аризаси кўриб чиқилиб, унинг ўрнига янги раҳбар ва ўринбосарлар сайлаш, Ижроқўм таркибини қайта кўриб чиқиш сингари масалалар кўрилган.
Йиғилиш иштирокчилари бир овоздан Аҳмедовнинг аризасини қабул қилишган. Ўз ўрнида Худоёр Аҳмедов саломатлиги боис федерация фаолиятини бошқаришга вақт ажрата олмаётгани, ортда қолган 2 йилдан кўпроқ вақт давомида олиб борилган ҳамжиҳатликдаги иш учун ташаккур билдирган.
Шундан сўнг федерация раислигига Ўзбекистон энергетика вазири Султанов Алишер Саидаббасович номзоди қўйилган. Йиғилиш иштирокчилари бир овоздан Султанов номзодини қабул қилишган ва у федерациянинг янги раиси этиб сайланган.