Қатор хорижий давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёевни Мустақиллик куни билан қутлади

Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби, Россия президенти, Хитой Халқ Республикаси раиси, АҚШ президенти ва қўшни давлат раҳбарлари самимий тилаклар билдирган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан президент Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли давлат, жамоат ва дин арбобларидан самимий қутловлар келмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Уларда Ўзбекистоннинг давлат ва жамият қурилишида эришган муваффақиятлари, мамлакатнинг барқарор тараққиётини таъминлаш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш, республиканинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган кенг миқёсли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижалари эътироф этилган.

Мактубларда давлат раҳбари ва Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига фаровонлик, тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаклари изҳор этилиб, халқаро ҳамжамият олдида турган умумий глобал хатарлар тез фурсатда енгиб ўтилишига ишонч билдирилган

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш ўз табригида дунёни барча учун янада тинч, адолатли ва барқарор қилишга интилишда, бу борадаги барча саъй-ҳаракатларда Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси ва кўмагидан умидвор эканини баён этган.

Россия президенти Владимир Путин Россия-Ўзбекистон муносабатлари стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида ривожланиб бораётгани таъкидлаган. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан кўп қиррали икки томонлама муносабаларни дўст халқлар фаровонлиги йўлида янада ривожлантиришга ишончи комиллигини билдирган.

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин ўз табригида кейинги йиллар Ўзбекистонда  Мирзиёев раҳбарлигида турли йўналишларда ислоҳотлар амалга оширилгани, давлат қурилиши соҳасида катта муваффақиятларга эришилганини қайд этган. Хитой етакчиси коронавирус инфекцияси тарқалганидан сўнг Ўзбекистон ушбу эпидемияга қарши курашишда жипслашгани ва Ўзбекистон халқи бунда албатта ғалаба қозонишига қатъий ишонишини изҳор этган.

Америка Қўшма Штатлари президенти Дональд Трамп ўтган йил ичида, ҳатто глобал хатарларга қарамай, янада чуқурлашган кенг миқёсли ҳамкорликни юқори баҳолашини маълум қилган. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Афғонистон билан ҳамкорлик ва ришталарни яхшилаш бўйича Мирзиёев ташаббусини олқишлашини таъкидлаган.

Жумладан, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Қирғиз Республикаси президенти Сооронбай Жээнбеков бутун Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, янги зафарлар, қардош ўзбек халқига эса абадий тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилашган.

Қуйида табрик йўллаганларнинг тўлиқ рўйхати келтирилган.