Самарқандда карантин қоидасига зид равишда ошхонада тўй ўтказилди

Самарқанд шаҳридаги ошхонада 40 нафардан ортиқ фуқаро иштирокида тўй маросими ўтказилди. Тўйга рухсат берган ошхона маъмуриятига чора кўрилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Самарқанд шаҳрида карантин қоидасига зид  равишда тўй ўтказган ошхона маъмуриятига чора кўрилди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Хабарда ёзилишича, 2020 йил 29 август куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 6-сон ИИБга шаҳридаги Мароқанд кўчасидаги “Мароқанд” ошхонасида 40 нафардан ортиқ фуқаро иштирокида тўй маросими ўтказилаётганлиги тўғрисидаги хабар келиб тушган.

Ўзбекистонда 30 кишилик тўй ўтказиш талабини доимий сақлаб қолиш таклиф қилинмоқда

Ҳудуд профилактика инспектори терговолди суриштирув ҳаракатларини олиб борган ва ҳақиқатдан ҳам ушбу ошхона маъмурияти Республика махсус комиссиясининг баёни талабларини бузганлигини аниқлаган.

Ошхона маъмуриятига нисбатан Ўзбекистон МЖтКнинг 54-моддаси 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Қонуний қарор қабул қилиш учун Самарқанд вилояти Давлат санитария эпидемиология назорати марказига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг қарори билан оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилган.