Лукашенко Латвия, Литва ва Эстониянинг “қора рўйхатига” тушди

Латвия, Литва ва Эстония Беларусь етакчиси Александр Лукашенкога мамлакатларига киришни 5 йил муддатга тақиқлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Латвия, Литва ва Эстония Беларусь етакчиси Александр Лукашенкога мамлакатларига киришни тақиқлади.

Ушбу тақиқ Беларуснинг яна 29 нафар расмий шахсларига нисбатан амал қилади.

Лукашенко баёноти: ОДКБ, жангарилар ва рангли инқилоблар ҳақида

“Александр Лукашенко, Беларусь ички ишлар вазири, адлия вазири ва бош прокурори, президент маъмуриятининг мансабдор шахслари, Беларусь Марказий сайлов комиссияси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар аъзоларига Эстония Республикасига кириш беш йилга (2020 йил 31 августдан 2025 йил 30 августга қадар амал қилади) тақиқланади”, - дейилган Эстония ТИВ хабарида.

Латвия ТИВ раҳбари Эдгар Ринкевичнинг баёнотида ёзилишича, мамлакат Беларусдаги “9 август президент сайловларидаги сохталаштиришни” ҳамда “тинч намойишчиларнинг калтакланиши ва журналистларга қарши жазо чораларини қатъий қоралайди”.

Литва ташқи ишлар вазири Рита Тамашунене ҳам Беларусь президенти ва 29 нафар расмий шахсларга нисбатан санкция жорий этиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.