ЖССТ коронавирусга қарши Қозоғистон вакцинасининг клиник синовларига рухсат берди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маъқуллаган рўйхатга 19 та давлатда ишлаб чиқилаётган 33 та вакцина киритилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Қозоғистонда коронавирусга қарши ишлаб чиқилаётган вакцинани клиник синовларига рухсат берилган вакциналар рўйхатига киритди.

Вакцина Қозоғистон таълим ва илм-фан вазирлиги фан қўмитасининг Биологик хавфсизлик муаммолари илмий-тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилмоқда. 

Россиянинг янги COVID-19га қарши вакцинаси ҳақида батафсил

ЖССТ маъқуллаган рўйхатдан 19 та давлатда ишлаб чиқилаётган 33 та вакцина ўрин олган. Маълум бўлишича, Қозоғистоннинг фаолсизлаштирилган вирусли вакцинаси клиник синовларнинг 1/2-босқичидан ўтмоқда.  

Шунингдек, ЖССТ томонидан клиник синовларига рухсат берилган вакциналар рўйхатидан Британия, Хитой, Россия, АҚШ, Германия, Япония, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Бельгия, Швеция, Сингапур, Италия, Австралия, Тайван, Куба, Франция, Австрия ва Канада вакциналари ҳам жой олган.

Эслатиб ўтамиз, Россияда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцина дунёда биринчи бўлиб рўйхатга олинди ва у “Спутник V” деб номланди. Унга 25 дан зиёд давлат қизиқиш билдирмоқда. Жумладан, Қозоғистон “Спутник V” вакцинасини мамлакатга етказиб бериш тўғрисида битим имзолаган.