ТОШКЕНТ, 29 авг - Sputnik. Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия ва Швейцария дипломатик вакиллари ўзларининг қўшма баёнотларида Беларус ҳукумати норозиликлар иштирокчиларини қўрқитишни, зўравонликни, ва уларни сиёсий мотивлар билан таъқиб қилишни бас қилишга чақирди.
Дипломатлар "кучлар нопропорционал қўлланилаётгани" ҳақида таъкидлаб, Беларус ҳукуматини "ўз фуқароларига қарши зўравонлик ва ҳарбий кучни ишлатишни тўхтатишга, шунингдек, адолатсиз тарзда ҳибсга олинган барча одамларни зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз озод қилишга" чақирдилар.
"Қўрқитишни ва сиёсий мотивлар билан таъқиб қилишни тўхтатиш зарур", - дейилади қўшма баёнот матнида. Ҳужжат Минскдаги Европа иттифоқи ваколатхонаси сайтида эълон қилинган.
Баёнот муаллифлари "инсонларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларига амал қилинишини" талаб қилаётган Беларус аҳолиси билан бирдам эканликларини таъкидлаб ўтганлар. Ғарб давлатлари дипломатик вакиллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари томонидан кучларнинг нопропорционал қўлланилгани ва "жиддий жароҳатлар етказилгани борасида кўплаб далиллар мавжудлиги" ҳамда қўпол муносабатлар ҳақида баёнот беришган.
"Биз Беларус ҳукуматини инсон ҳуқуқлари ва асосий демократик эркинликларга амал қилиш бўйича халқаро мажбуриятларни бажаришга чақирамиз. Биз айбдорларни жавобгарликка тортиш мақсадида барча тахминий жиноятлар ва суиистеъмоллар тўғрисида суриштирувлар тўлалигича ва шаффоф ўтказилишини кутмоқдамиз. Фақат шу орқали миллий очиқ мулоқот асосида инқирозни тинч йўл билан ҳал этиш имкониятини яратиши мумкин", - дейилади матнда.
Беларус президенти Александр Лукашенко илгарироқ, мамлакатдаги кўча протестлари чет элдан, хусусан, Польшадан бошқарилаётгани ҳақида баёнот қилган эди. Унинг сўзларига кўра, "беқарор қўшнилар" нафақат мамлакатдаги такрорий сайловлар ҳақида очиқча гапирмоқда, балки мамлакат ички ишларига аралашишга ва унга босим ўтказишга ҳаракат қилмоқда.
Россия президенти Владимир Путин европаликлар ва америкаликларга қараганда Россия Беларусдаги воқеаларга нисбатан ўзини анча босиқ ва бетараф тутаётганини таъкидлаган эди. Россия Беларусдаги барча муаммолар тинч йўл билан ҳал қилинади деган фикрдан келиб чиқади, деди президент.
Беларусдаги оммавий протестлар 9 август куни, президент сайловларида олтинчи маротаба Лукашенко ғалаба қозонгач бошланган эди. МСК маълумотларига кўра, у 80,1 фоиз овоз олган. Оппозиция сайловларда Светлана Тихановская ғалаба қозонди, дея ҳисоблайди. Акциянинг илк кунларида куч тузилмаси ходимлари протест қатнашчиларига нисбатан кўз ёш чиқарувчи газ, водомет, шовқин гранаталари, резина ўқларни ишлатишган. Сўнгра, ҳуқуқ тартибот органлари митингларни тарқатишни ва куч методларидан фойдаланишни тўхтатишди.
Расмий маълумотларга, илк кунларда 6,7 мингдан зиёд қўлга олинган. ИИВ хабарига кўра, тартибсизликлар давомида юзлаб одамлар жабрланган, жумладан, 120дан ортиқ куч ходимлари ҳам. Беларус ҳукумати маълумотига кўра, уч киши қурбон бўлган.