Футбол, жанжал ва ўлим - вазирлик Қизириқ туманида содир бўлган ҳолат бўйича баёнот берди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида содир бўлган ҳолат юзасидан баёнот берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 авг — Sputnik. Шу кунларда турли ижтимоий тармоқлар орқали Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида жорий йил 23 август куни кечки соат 22:30ларда “Истиқлол” маҳалласида жойлашган сунъий қопламали футбол майдонида футбол ўйини пайтида юзага келган жанжал оқибатида 16 ёшли Ислом Хуррамовнинг воқеа жойида вафот этгани ҳақидаги хабарлар кенг тарқалди.

Нариман Григоряннинг қотилига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ушбу ҳолатни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилди:

“2020 йил 23 август куни кечки соат 22:30ларда Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани “Истиқлол” маҳалласида жойлашган фуқаро Алиқулов Зафар Тошпўлатовичга тегишли сунъий қопламали кичик футбол майдонида футбол ўйнаб турган шу маҳаллада истиқомат қилувчи 2004 йилда туғилган, вояга етмаган Алиқулов Асрорбек Зафар ўғли рақиб жамоа сафида футбол ўйнаётган, шу маҳаллада яшовчи фуқаро Ғаниев Эркиннинг уйига меҳмон бўлиб келган Термиз тумани “Темирйўлчи” маҳалласида истиқомат қилувчи 2004 йилда туғилган, вояга етмаган Хуррамов Ислом Маъмур ўғли билан ўйин давомида тортишиб қолади. Улар ўйин вақтида майдонни тарк этиб, ўйингоҳ ён томонида жойлашган “Истиқлол” МФЙ идораси ёнида жанжални давом эттиришади. Натижада А.Алиқулов И.Хуррамовнинг олд кўкрак ўрта соҳасига уриб, тан жароҳати етказган. Ислом Хуррамовнинг кучли зарбдан соғлиги ёмонлашиб, воқеа жойида вафот этади.

Таъкидлаш керак, 2020 йил 23 август куни Қизириқ туман спорт бўлими ҳамда туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби томонидан ҳеч қандай спорт тадбири ва мусобақа ўтказилмаган. Мазкур ҳолат ҳам спорт мусобақалари пайтида содир бўлмаганлигини маълум қиламиз.

Шуни ҳам қўшимча қилиш керак, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда унинг тасарруфидаги ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган спорт тадбирлари карантин талаблари асосида санитария-эпидемиология қоидаларига амал қилинган ҳолда ўтказилмоқда”, - дейилган баёнотда.