Ажал ўйини: Сурхондарёда вояга етмаган болани тенгдоши тепиб ўлдирди

Футбол ўйини вақтида тортишиб қолган вояга етмаган ёшлар яккама-якка уришиш мақсадида, стадиондан ташқарига чиқиб, жанжални давом эттиришган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 авг - Sputnik. Сурхондарёнинг Қизариқ туманида балоғат ёшига етмаган болани тенгдоши тепиб ўлдирди.

Пичоқланиб оғир аҳволда ётган ўсмирнинг онаси президентга мурожаат қилди

Ҳодиса вояга етмаган ёшлар футбол ўйнаётган майдонда авж олган. Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабари асосида.

"...23 август куни кечки вақт 16 ёшли вояга етмаган А.А., Қизириқ тумани "Истиқлол" маҳалласида жойлашган кичик футбол ўйингоҳида футбол ўйнаётган вақти рақиб жамоадаги 16 ёшли вояга етмаган И.Х., билан ўзаро тортишиб қолган.

Яккама-якка уришиш мақсадида, стадиондан ташқарига чиқиб, жанжални давом эттирган вақтида, А.А., чап оёғи тиззаси билан И.Х.,нинг олд кўкрак ўрта соҳасига бир марта зарб билан тепиб тан жароҳати етказган.

Натижада вояга етмаган И.Х., олган тан жароҳати оқибатида соғлиғи ёмонлашиб, ҳодиса жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қизириқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан А.А.,га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми "д" банди (жабрланувчининг ўлимига олиб келган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, А.А. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ва процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.