ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Шайхонтоҳур туманида 8 ёшли қизалоқ иссиқ сув қувурининг темир устунини ушлаши оқибатида ток уриб, вафот этди, деб хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, ижтимоий тармоқларда Шайхонтоҳур туманида 8 ёшли қизалоқ электр токи уриши оқибатида вафот этганлиги ҳақида хабар тарқалган.
Аниқланишича, Шайхонтоҳур тумани, Оқтепа мавзеси, 15-уй олдидаги электр кабели илинган иссиқ сув қувурида электр кучланиши юзага келган.
2020 йил 20 август куни 2012 йилда туғилган вояга етмаган қизалоқ ушбу қувурининг темир устунини ушлаши оқибатида ток уриб, вафот этган.
Ҳолат юзасидан 22 август куни Шайхонтоҳур тумани электр тармоқлари корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 207-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.