Ўзбекистон мактабларида ўқув йили қандай бошланади - вазир Шерматов билан интервью

Ўзбекистонда 14 сентябрдан бошлаб мактаблар очилади. ХТВ гибрид сценарийни танлаган: бунда истаган ота-она ўз фарзандини ўқишга юбориши мумкин. Янги ўқув йилида яна қандай янгиликлар кутилмоқда ва ота-оналар нималарга тайёр туришлари керак - Sputnik обзорида
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 авг - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Янги ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолмоқда ва табиийки, фарзандлари мактабга борадиган ота-оналарни "Мактаб қачон ва қай тартибда очилади?" деган ва шу турдаги саволлар қийнамоқда.

Марказий Осиёда ва бошқа давлатларда янги ўқув йили қандай бошланади?

Айнан шу масалага бағишланган матбуот-анжуманида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда, янги ўқув йилидаги асосий ўзгаришлар ҳақида гапирди ва ота-оналарга муҳим эслатма билан мурожаат қилди.

Гибрид-сценарий: мақсад, одамларни рози қилиш

Вазир таъкидига кўра, гибрид сценарийнинг асосий мақсадларидан бири - ота-оналар фикрини эътиборга олган ҳолда, улар истаган асосда таълимни йўлга қўйиш.

Дейлик, пандемия даврида мактабларда давомат сўралмайди. Ота-она (уйдаги шароитидан, ҳолатидан келиб чиққан ҳолда) истаса, ўз фарзандини анъанавий тарзда билим олиши учун мактабга юбориши мумкин. Коронавирус хавфидан чўчийдиган ота-оналар эса ўз фарзандига халқ таълими вазирлиги томонидан ташкиллаштириладиган теле-дарслар орқали таълим олишда ёрдам беришлари мумкин.

Тўққизта вакцина: Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилди

"Бутун дунёда кузатилаётган коронавирус пандемияси таълим тизими ва унинг барча иштирокчилари олдига бир қатор синовларни қўймоқда. Мана 5 ойдирки, болалар мактабларга бора олмасдан, ўз тенгдошлари билан бевосита мулоқотдан узилган. Афсуски, бугунги шароитда фарзандларимиз таълимида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай бўшлиқ, эртага бизга жуда ҳам қимматга тушиши мумкинлигини унутмаслигимиз зарур", - дейди Шерматов нега мактабларни очиш қарори қабул қилингани ҳақида тўхталар экан.

Айтганча, Халқ таълими вазирлиги август ойининг бошида телеграм каналларда ота-оналар фикрини ўрганиш учун "Фарзандингизни мактабга юборасизми?" мавзусида сўровнома ўтказган ва унда овоз берган респондентларнинг 70%и фарзандини онлайн ўқитиш тарафдори эканликларини билдирганлар.

Фарзандингизни мактабга юборасизми? ХТВ сўровда қатнашишга чорламоқда

Шерматов фикрича, ота-оналарнинг бундай жавоб беришларига ўша вақтда коронавирус билан беморланганларнинг кўпайиши ва ижтимоий тармоқда "коронавирусдан ўлди, вирус билан касалланди" қабилидаги хабарларнинг кўпайиб кетгани ҳам роль ўйнаган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Мактабдаги санитария талаблари: маскада келиш шарт

Янги ўқув йилида пандемия туфайли мактабга келиб-кетиш шароитлари бир мунча ўзгаради. Чекловлар киритилади.

Мисол учун, мактабга келадиган ҳар бир ўқувчининг температураси ўлчанади, турли синф ўқувчилари учун мактабга келиш вақтларини ҳар хил қилиш режалаштирилмоқда.

Дезинфекция ишлари қандай олиб борилмоқда - ҳисобот

Мактабнинг барча ўқувчилари учун умумий бўлган талаб - бу болаларнинг бино ичида ҳаракати чекланишидир. Яъни ўқиш битта синф - битта ўқитувчи тамойили асосида ўтади (мактабга келадиган ўқувчилар дарсларни бошқа синфга кўчмасдан битта синфда ўқишади). Синфхоналари ва бошқа сатҳлар (парталар усти, стол-стуллар) ва ўқувчи қўли тегиши мумкин бўлган жойлар кун давомида бир неча маротаба дезинфекция қилинади. Синф хоналари мунтазам шамоллатилади.

Мактабларга иссиқ ўлчайдиган ускуна - пирометрлар ва антисептиклар марказлашган ҳолатда берилади.

Мактаб ўқувчисининг ниқоб тақиши - мажбурий бўлади. Ўқувчиларни антисептик ҳамда ниқоблар билан таъминлаш - ота-оналар зиммасига юклатилади.

Тавсиялар ҳар бир мактабга тарқатилади, дея аниқлик киритди Шерматов.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қандай фикрда?

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус пандемияси вақтида умумтаълим мактабларида ва махсус мактаб-интернатлар фаолиятини ташкил қилиш, ўқиш жараёнини бошлашга доир меъёрий ҳужжат ишлаб чиқди, дейди ССВ Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директор ўринбосари Баҳром Алматов. 

Фарзандингизни мактабга юборасизми? ХТВ сўровда қатнашишга чорламоқда

Таъкидланишича, ҳужжат ҳозирда рўйхатдан ўтказиш учун Адлия вазирлигига тақдим қилинган.

ССВ талабига кўра, мактаблар ҳар бир синфхоналарда қўл юқиш, шамоллатиш имкониятларини яратиши керак, шунингдек, мактабга кириш жойида, синфхоналарнинг ичида қўлларни дезинфекциялаш учун махсус антисептик воситалар ўрнатилиши шарт. Мактабга келаётган ҳар бир ўқувчи маскада бўлиши керак ва маска ҳар уч соатда алмаштирилиши лозим. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Халқ таълими вазирлигига мактабларда машғулотлар давомийлигини максимал қисқартиришни - бир дарс давомийлигини 30 дақиқагача қисқартиришни, машғулотлар вақтини эса 8.30дан 15.30га қадар этиб режалаштиришни таклиф этган, аммо ХТВ дарсларнинг 30 дақиқага қисқартирилиши таклифини мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, пандемия вақтида, мактабларда оммавий тадбирлар, йиғилишлар, концертлар, мусобақалар ёки бошқа оммавий тадбирлар ўтказиш мумкин эмас, ошхона ва буфетлар фаолият юритмайди, умуман, мактабларга бегона шахслар келиши олди олинади.

“Олой” бозори ёнида коронавирусга тест топшириш пункти қурилмоқда

Алматовнинг таъкидига кўра, агар Ўзбекистон мактабларидаги синфхоналарда учтадан ортиқ болаларда бир вақтнинг ўзида касаллик аниқланса, ушбу синфхонасини карантинга ёпишга тўғри келади. Бундай ҳолатда касал аниқланган синфнинг ўқиш шакли анъанавийдан онлайн шаклга ўтказилади.

Ўқитувчиларнинг ҳаммаси коронавирусга тест топширади

ХТВ раҳбари Шерзод Шерматовнинг айтишича, республика миқёсида ўқитувчиларни тестдан ўтказиш масаласида Республика комиссияси раҳбарияти томонидан СЭСга вазифа юклатилган. Маълум бўлишича, ўқитувчилар мактабларда дарс беришни бошлашдан олдин ва кейинчалик ҳам маълум интервалда тест топширадилар. 

...мактаб формаси ҳақида эслатма!

ХТВ раҳбари мактаб формаси масаласида тўхталар экан, ҳозирги пандемия шароитида ҳеч нарса қатъий талаб қилинмаётганига эътибор қаратди. Мактабларнинг ўз тартиблари бор, ота-оналар ўша тартибларга риоя этишлари лозим, деди у.

Ўзбекистонда 15 августдан кейин қайси карантин чекловлари сақлаб қолинади

"Хабарингиз бор, мажбурий формани жорий қилиш ҳақидаги қарор ортга сурилган. Лекин мактабларнинг ўзига хос талаблари бор бу масалада, ўша талабларга амал қилиш керак. Лекин ота-оналар шуни билишлари шарт-ки, давлат мактабларининг бирортаси ҳозирги вақтда мана шу цехдан мана шу формани оласан, дея мажбур қилолмайди", - дея тушунтирди ХТВ раҳбари.

Вазир, шунингдек, ўз интервьюси давомида бир неча бор ота-оналарга муҳим илтимос билан мурожаат қилди: ота-оналар ўқув йили бошланаркин, мактаб бошланаркин, деган фикрда бозорларга фарзандлари билан боришдан имкон қадар сақланишлари керак.

"Карантин чоралари юмшади, дегани, карантин тугади, вирус кетди дегани эмас. Мактаб бозори, деб ҳамма бозорга чиқиб, яна фарзандини ҳам ёнига олиб, вирусни бир-бирига юқтирадиган бўлса, оқибати яхши бўлмайди. Вилоят ҳокимликларига топшириқ берилган, керак бўлса, октябр ойига қадар мактаб-ярмаркалари ишлайди. Шунинг учун, фақат зарурат бўлса, бозорга чиқинг. Шунда ҳам ижтимоий масофани сақлаш ёдингизда бўлсин!", - дея эслатади Шерзод Шерматов.