Ўзбекистонда коронавирус: 25 август асосий хабарлари

Сутка давомида 293 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 39 641 нафарни ташкил қилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.

Шифокор инсульт, инфаркт ва саратон хавфини камайтиришнинг осон йўлини айтди

Бир сутка давомида 293 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 39 641  нафарни ташкил қилмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг 126 нафари Тошкент шаҳрида (улардан 110 нафари хориждан келган ва Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилганлар орасидан), 7 нафари Тошкент вилоятида ҳамда 2 нафари Андижон вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Соғайиш кўрсаткичи

Бугуннинг ўзида 318 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 35 869 нафарга етди. Соғайиш кўрсаткичи 90 фоизга етди.

Айни пайтда 3 488 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

Ўлим ҳолатлари

Кун давомида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор –  Олмазор туманида яшаган 65 ёшли Х.Х. (аёл, Юнусобод туманида яшаган 40 ёшли Д.А. (аёл), Шайхонтоҳур туманида яшаган 79 ёшли Ғ.Ш. (эркак) ҳамда Яшнобод туманида яшаган 49 ёшли Қ.А. (эркак) вафот этди.

Ўзбекистонда жами 284 киши пандемия қурбони бўлди.

Германия шифокорлари Бухорода

Германиялик шифокорлар коронавирус инфекциясини енгишда ўзбекистонлик ҳамкасбларига ёрдам бериш учун Бухорога келишди.

Келаётган шифокорлар орасида - Германиядаги Роберт Кокс институти мутахассислари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси вакиллари ва Дюсселдорф ва Франкфурт-Маиндаги университет касалхоналари ходимлари бор. Бухорода шифокорлар коронавирус билан оғриган беморларни даволашда бевосита иштирок этади.

Тўққизта вакцина: Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилди

Коронавирусга қарши эмлаш дастури

Женевада бўлиб ўтган брифингда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесуснинг маълум қилишича, коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш ва тарқатиш бўйича “COVAX” халқаро механизмига 172 давлат қўшилди.

ЖССТ портфелида коронавирусга қарши 9 та вакцина мавжуд экани айтилмоқда.

ЖССТ ва унинг Европа минтақавий бюросининг фаол аъзоси сифатида Ўзбекистон ҳам ташкилотнинг коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилди.

Дунё саломатлиги

Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 23,6 миллиондан ошди, 813 минг киши вафот этди, 15,3 миллион киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (5,7 млн), Бразилияда (3,6 млн), Ҳиндистонда (3,2 млн).