Хорижлик ҳайдовчилар жарималарни тўлаб кейин чиқарилади

Ўзбекистон қонунчилигига ўзгартиришлар киритилди: Республика ҳудуди орқали ўз автотранспортида ҳаракатланган хорижий фуқаролар йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарни тўлаб кейин чиқарилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 авг – Sputnik. Ўзбекистон қонунчилигига киритилган ўзгартиришларга кўра, энди чет эл фуқаролари республикадан ўз шахсий автомобилларида чиқиб кетишидан олдин йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарни тўлашлари шарт бўлади. Бу ҳақда РФнинг Ўзбекистондаги элчихонаси консуллик бўлими хабар берди.

Тегишли жарималар божхона органлари томонидан ЎзР ИИВдан олинган маълумотлар асосида ундирилади. Бу тўловларни банк кассалари, электрон тўлов тизимлари ёки чегара божхона постидаги ўз-ўзига хизмат кўрсатиш терминаллари орқали тўлаш мумкин.

Жарима тўланмаган тақдирда, транспорт воситаси 60 кунгача муддатга ушлаб қолинади. Агар шу вақт ичида қарздорлик тўланмаса, суд қарори билан қарз ундируви автомобил ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.