Ўзбекистон йўловчи ташишни тикламоқчи - Россия Темир йўллари

Ўзбекистон томонининг Россия билан темирйўл орқали йўловчи ташишни тиклаш ҳақидаги сўрови яқин вақт ичида Транспорт вазирлигида кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 авг - Sputnik.  Ўзбекистон темирйўл орқали йўловчи ташишни қайта тикламоқчи, деб хабар қилмоқда Россия Темир йўллари (РТЙ), РИА Новости хабарига асосан. 

РТЙ бош директори Олег Белозеров айтишига қараганда, Ўзбекистон томони яқин вақт ичида темирйўл орқали йўловчи ташишни қайта тикламоқчи эканини  Россия транспорт вазирлигига хабар берган.  

"Биз ўзбекистонлик ҳамкасабаларимиз билан доимий алоқада бўлиб турибмиз. Биринчи навбатда фуқароларни олиб чиқиш масаласини ҳал қилмоқдамиз. Доимий йўловчи ташишни йўлга қўйиш борасида эса - биз Россия транспорт вазирлигини Ўзбекистон томонининг истагини етказдик ва яқин орада ушбу масала кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади", - деди РТЙ бош директори.  

Эслатиб ўтамиз, Россия ва Ўзбекистон орасида халқаро поездлар ҳаракати коронавирус пандемияси туфайли 16 мартда тўхтатилган эди. Фойдаланилмаган чипталарни қўшимча тўловларсиз қайтариш мумкин.