Тошкентда замонавий ўқ отиш ўқув-машғулотлар базаси очилди

Вазирлик хабарига кўра, айни пайтда мамлакатда ўқ отиш спорти билан 3700 нафарга яқин ўғил-қиз мунтазам шуғулланиб келмоқда, шундан 800 нафарга яқини хотин-қизлардир.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 авг - Sputnik. Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги спорт марказининг замонавий ўқ отиш ўқув-машғулотлар базасининг очилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкентда замонавий ўқ отиш ўқув-машғулотлар базаси очилди

Тантанали тадбирда Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Мудофаа вазирлиги спорт марказининг номдор спортчилари, Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси вакиллари ҳамда спорт фахрийлари иштирок этишди.

Спорт фаолияти бакалавриат таълим йўналишида ўқиш муддати 3 йил этиб белгиланди

Тадбирда сўзга чиққан Равшан Эрматов спортчи учун энг аввало спорт инфратузилмаси ҳамда замонавий спорт инвентарлари, қолаверса малакали тренерлар кераклигини таъкидлаб, бу борада бугун фойдаланишга топширилган ўқ отиш спорти ўқув-машғулотлар базасида яратилган шароитлар ва мавжуд ўқ отиш қуроллари халқаро талабларга жавоб бериши, мураббийларнинг салоҳияти юқори эканлиги тез орада ушбу спорт тури ривожида ўз самараларини беришини айтиб ўтди. Бу борада Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ўз томонидан барча ёрдамни беришга тайёрлигини ҳам билдирди.

Вазирлик хабарига кўра, айни пайтда мамлакатда ўқ отиш спорти билан 3700 нафарга яқин ўғил-қиз мунтазам шуғулланиб келмоқда, шундан 800 нафарга яқини хотин-қизлардир.

Уларга 136 нафар тренер ўқ отиш спорти сир-асрорларини ўргатиб келаётган бўлса, Ўзбекистонда мавжуд ТИРлар 122 тани ташкил қилади.

Мамлакат терма жамоаси таркибига ўқ отиш спортидан 48 нафар спортчи таклиф этилаётган бўлса, шундан 10 нафари Мудофаа вазирлиги спорт маркази аъзолари саналади.