Шавкат Мирзиёев Бектемир туманидаги саноат корхоналарига ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёев Бектемир туманида фаолият юритаётган юқори технологиялари саноат корхоналарини кўздан кечириб, уларнинг самарадорлигини ошириш учун керакли маслаҳатларни берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 авг - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 август куни Бектемир туманидан жойлашган замонавий саноат корхоналарига ташриф буюрди. 

Сармоялар қиймати 34 миллиард сўм бўлган “Metal Processing” масъулияти чекланган жамиятда тўқимачилик саноати учун станок деталлари ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилади. Айни дамда 12та йирик корхона билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Соҳа илдам ривожланиб бораётгани туфайли ҳар беш йилда ускуналарни янгилашга эҳтиёж бор.

Шавкат Мирзиёев Бектемир туманидаги саноат корхоналарига ташриф буюрди

Корхонада 85 нафар мутахассис фаолият олиб боради. Швейцариянинг “SkillSonics International AG” компанияси билан ҳамкорлик асосида металлга ишлов беришда жаҳон стандартларидан фойдаланиб келинмоқда.

- Бундай корхоналарнинг «юраги» - муҳандис, конструкторлар. Афсуски, бизда кўп заводларнинг шундай «юраги» йўқ. Ақлли мутахассисларни топиб, қўллаб-қувватласак, маҳаллийлаштиришга катта ҳисса қўшади, - дея таъкидлади Президент.

Сармоялар миқдори 50 миллион доллардан ортиқ бўлган "Бинокор" МЧЖда темир-бетон панеллар ва бошқа замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 

Корхонага Германиянинг “Vollert”, “Würschum”, Италиянинг “Maema”, “Schnell”, “AWM”, Россиянинг “Точная Строительная Механика”, “Грузоподъем”, Польшанинг “Airpol” ва Испаниянинг “Azcona Y Pantoja SL” компаниялари билан ҳамкорликда замонавий технология ва дастгоҳлар келтириб ўрнатилган.

Шавкат Мирзиёев Бектемир туманидаги саноат корхоналарига ташриф буюрди

Корхонада 1 минг 200 дан зиёд муҳандис ва мутахассислар ишлаб, йилига 150 минг квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Корхона тўлиқ қувватга чиққач, йилига яна 180 минг квадрат метр қурилиш панели тайёрланиб, қўшимча 670 та иш ўрни яратилади.

Президент корхона фаолияти билан танишар экан, масъулияти чекланган жамиятнинг моддий-техник базасидан фойдаланиб, бу ерда ўқув-амалиёт комбинати ташкил этиш бўйича кўрсатма берди.

- Мамлакатимизда катта-катта қурилишлар бўляпти, яна режалар кўп. Ёшларга замонавий қурилиш технологиялари бўйича етарли малака берсак, даромадлари ҳам икки-уч баробар ошади, - деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Бектемир туманидаги саноат корхоналарига ташриф буюрди

Шу кун президент яна бир неча корхоналарга ташриф буюрди. Улар орасида пишлоқ ва бошқа сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Prof- Milk” қўшма корхонаси ҳам бор. 

Қиймати 3 миллион доллар бўлган “Prof-Milk” қўшма корхонаси шу ойда ишга туширилган. У Швейцариянинг “Tanotrade” компанияси ва «Toshelektroapparat» хусусий корхонаси ҳамкорлигида замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Бу ерда 50 киши иш билан таъминланган.

Корхонада 1,5 минг тонна маҳсулот, пишлоқнинг 10 га яқин тури ишлаб чиқарилади. Жорий йилда эса эритилган пишлоқ бу қаторни тўлдириши режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев Бектемир туманидаги саноат корхоналарига ташриф буюрди

Ундан ташқари президент Бектемир туманидаги “Cooperation LAB” тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш марказига ташриф буюрди. Ушбу тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш маркази “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ташаббуси билан ташкил этилган.

Лойиҳа қиймати 2 миллион доллар бўлган бу масканда 50 киши иш билан таъминланган. Марказ ғоядан растагача тамойили асосида автомобилсозлик соҳасида тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, импортни камайтириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ўстиришга мўлжалланган.

Президент марказнинг кооперация алоқаларига оид тақдимотлар билан танишди. Малакали конструктор ва олимларни жалб қилиб, янги техникаларни ўзлаштириш ва буюртма асосида етказиб бериш муҳимлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев Бектемир туманидаги саноат корхоналарига ташриф буюрди