Ўзбекистонда митинг ва намойишлар тўғрисида янги қонун ишлаб чиқилди

Ўзбекистондан митинг ва намойишлар маъмурий бинолардан 300 метр узоқда ва фақат 2 соат давомида ўтказилиши мумкин - янги қонун лойиҳаси.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 авг - Sputnik. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги митинг ва намойишлар тўғрисида янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш порталига жойлаштирди.

Янги қонун Ўзбекистон Республикасида минтинг ва намойишлар борасида олдин қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун бўлиб, уларда белгланган нормалар ушбу қонунга мувофиқлаштирилади.

Тошкентлик тадбиркор ТАТУ ҳудудида митинг ўтказди

Янги қонуннинг асосий мақсади - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш  билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдир.

Янги қонунда митинг, йиғилиш, намойиш, кўча юриши, пикет, флешмоб, ва бошқа тушунчаларга батафсил ифода берилган.

Шунингдек митинг ташкилотчиси, митинг иштирокчиси, маҳаллий ҳукумат ҳамда ички ишлар ва миллий гвардия ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатилган.  

Ундан ташқари, митинглар регламенти - қаерда ва қанча вақт давомида ўтказилиши мумкинлиги, тадбирда белгиланган хавфсизлик қоидалари ҳамда ташкилий харажатлар манбаалари ҳам кўрсатиб ўтилган.

Рухсат олиш

Митинг ва намойиш ўтказиш учун қуйидаги тартиб белгиланган:

Митинг ташкилотчиси режалаштирилган санадан 15 кун олдин маҳаллий ижро ҳокимиятига ариза беради.

Қозоғистондаги ХХР элчиси Хитойга қарши митинг ортида ким турганини билади

Аризада митинг шакли, регламенти, иштирокчилар тахминий сони ва мақсади кўрсатилган бўлиши керак. Шунингдек, митингда қўлланиладиган ташвиқот материаллари, митинг ташкилотчиси ёки унинг вакили исми шарифи, фойдаланиладиган техник воситалар, молиялаштириш манбаи ва бошқа маълумотларни ҳам кўрсатиш керак.

Маҳаллий ҳокимият ушбу аризани 10 иш куни ичида кўриб чиқади ва ИИВ ва Миллий гвардия билан биргаликда митинг ўтказиш учун жой ажратади. Баъзан тадбир регламентига ўзгаришлар ҳам киритилиши мумкин.

Аризачига намойиш ўтказишга рухсат бериш тўғрисида хабар бериш мазмунидаги жавоб хати бир вақтда мазкур тадбирни ўтказишга рухсат берувчи расмий ҳужжат ҳисобланади.

Митинг ташкилотчиси

Янги қонунда айтилишига кўра, митинг ташкилотчиси - 18 ёшга тўлган бир ёки бир неча Ўзбекистон фуқаролари ёки нодавлат нотижорат ташкилотлари бўлиши мумкин.

Қуйидагилар митинг ташкилотчиси бўла олмайди:

  • муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар;
  • психиатрия ёки наркология муассасаларида рўйхатда турган шахслар;
  • судланган, ва пробация хизмати назоратида бўлган шахслар;
  • оммавий тартибсизликларда иштирок этганлиги, давлатга хоинлик қилганлиги, конституциявий тузумга тажовузкорлик қилганлиги, экстремистик ва террорчилик жиноятларини содир этганлиги, митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузганлиги учун озодликдан маҳрум этилган ва судланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
  • чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар;
  • республика ҳудудида фаолияти тугатилган ёки рўйхатдан ўтмаган, шунингдек қонунда белгиланган тартибда фаолияти тўхтатилган нодавлат нотижорат ташкилотининг аъзоси ёки раҳбари ҳисобланган шахслар.

Ташкилий харажатлар

Митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкилий харажатлари ва унинг техник таъминоти - унинг ташкилотчилари ва иштирокчилари томонидан ўз маблағлари ҳисобидан, шунингдек қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзлари ҳал қилади: Европа Кенгаши раҳбари Беларус ишларига аралашмасликка чақирди

Хорижий давлатлар, халқаро, хорижий нохукумат ва нотижорат ташкилотлар томонидан, ёҳуд уларнинг топшириғига асосан бошқа шахслар томонидан митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш  ва ўтказиш учун  молиялаштириш ва мулк тақдим этишга рухсат берилмайди.

Фуқароларни моддий рағбатлантириш эвазига митинг, йиғилиш ва намойишларга жалб қилиш тақиқланади.

Митинг ўтказиш жойи

Янги қонуннинг 15 моддасига мувофиқ, митинг ва намойишлар ИИВ, Миллий гвардия ва маҳаллий ҳокимиятлар билан келишилган ҳолда махсус ажратилган  жойларда ўтказилади.

Митинг ва намойишла ўтказиш мумкин бўлган жойлар қуйидаги бино ва объектлардан 300 метр узоқда жойлашган бўлиши керак:

  • давлат хокимияти ва бошқарув органларининг маъмурий бинолари,
  • маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари,
  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар,
  • ҳарбийлаштирилган, ўта муҳим ва тоифаланган объектлар
  • чет эл дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар  бинолари;
  • судлар ва жазони ижро этиш муассасалари  бинолари;
  • ҳаво, темир йўл, сув ва автомобиль транспорти тизимига тегишли бинолар, иншоотлар ва ҳудудлар;
  • чегара зоналарига ва қўриқлашнинг алоҳида турларига тегишли ҳудудлар;
  • ижтимоий объектлар жойлашган бино ва ҳудудлар (таълим, тиббиёт, болалар муассасалари  ва бошқа муассасалар;
  • дафн этиш жойлари ва диний ташкилотлар жойлашган жойлар;
  • оммавий ахборот воситалари жойлашган бинолар;
  • тарихий ва маданий ёдгорликлар;
  • хусусий мулк объектларига тааллуқли бўлган бино ва ҳудудлар.
  • Алоҳида ҳолатларда тарихий ва маданий ёдгорликлар ҳисобланган объектлар жойлашган ҳудудларда митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш учун жой ажратишда,  Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда рухсат берилади.

Намойишлар вақти

Митинг, йиғилиш ва намойишларни ҳафтанинг иш кунлари соат кундузи 10:00дан 18:00гача вақт оралиғида ўтказишга рухсат берилади.

Ирқчиликка қарши намойиш: Франция полицияси кўздан ёш оқизувчи газни қўллади

Бир жойда  ва бир вақтнинг ўзида бир объект ёнида икки ёки ундан ортиқ митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат берилмайди.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар давомийлиги икки соатдан ошмаслиги лозим.

Маълумот учун ушбу қонун талаблари  сиёсий партиялар ва бошқа диний ташкилотлар томонидан йиғилиш ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказилишида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисидага қонун лойиҳаси билан батафсил қуйида танишишингиз мумкин.