Ўзбекистонда мактаб ва боғчалар очилишига тайёргарлик кўрилмоқда

Айни кунларда Мактабгача таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда таълим муассасаларида амал қилувчи санитария меъёрлари ишлаб чиқилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 авг - Sputnik. Ўзбекистонда мактаб ва боғчалар очилишига тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ҳақда коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Рустам Икромов бугун бўлиб ўтган брифинг чоғида маълум қилган.

ХТВ давлат мактаблари қачон иш бошлаши ҳақидаги саволга жавоб берди

Таъкидланишича, айни кунларда Мактабгача таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда таълим муассасаларида амал қилувчи санитария меъёрлари ишлаб чиқилмоқда.

"Мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида ўз фарзандларимиз таълим олишади. Бу масалада эътибор бериш керак бўлган жиҳатлар кўп. Ишлаб чиқилаётган тадбирлар шунчаки ҳисобот учун эмас, балки фарзандларимизни ижтимоий ҳаётга тезроқ қайтариш, карантин шароитида уларнинг руҳиятида кузатилган ўзгаришларни бартараф қилиш, улар қатнайдиган муассасаларда коронавирус тарқалишига имкон қадар тўсқинлик қилишга қаратилган чоралар белгиланиши лозим", - деб айтган Икромов.

Мазкур меъёрлар Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади ҳамда барча томонидан бажарилиши бирдек мажбурийлиги белгилаб қўйилади. Шундан кейин мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларига фаолиятини бошлаш учун рухсат берилиши айтилмоқда.

Марказий Осиёда ва бошқа давлатларда янги ўқув йили қандай бошланади?

Эслатиб ўтамиз, сал олдин Халқ таълими вазирлиги ота-оналарга гарчи ўқув йилига саноқли кунлар қолаётган бўлсада, ўқув қуролларини харид қилиш учун шошилмаслик илтимоси билан мурожаат қилган эди.

"Албатта ўқув йили қачон бошланишидан қатъий назар ўқувчилар учун ўқув қуроллари керак бўлади. Ота-оналаримиздан, бозор ва дўконлар очилгани билан, санитария қоидалари ва ижтимоий масофа сақлашлари, айниқса, фарзандлари соғлигига алоҳида эътибор қаратишларини сўраймиз. Ҳозир ҳамма баравар бозорга борса ижтимоий масофа сақлаш қийин бўлади, шунинг учун жуда шошилиш, барча харидларни мактабгача амалга ошириш шарт эмас. Ўқув қуроллари ва кийим-кечакларни мактаб бошланганидан кейин ҳам олиб бериш мумкин, энг асосийси ўзингиз ва фарзандларингизнинг саломатлигини асраш!", - дейилган эди мурожаатда.