ТОШКЕНТ, 18 авг - Sputnik. Майитни ўликхонадан чиқариш эвазига 200 АҚШ доллари талаб қилган эксперт ушланди, деб хабар қилди Бош прокуратура матбуот-хизмати.
Сал олдин ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўликхоналардан жасадларни чиқаришда катта навбатлар юзага келаётгани ҳақида хабар беришган эди. Бундан ташқари, майитни моргдан олиб чиқиш учун пул тўлашга тўғри келаётгани ҳам қўшимча қилинган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан бизнесмен-экспертни ушлаш учун тезкор тадбир ўтказилган.
Унда Суд тиббий экспертиза илмий амалий маркази Тошкент шаҳар филиали бошлиғи ўринбосари ва ўриндошлик асосида комиссион экспертизалар бўлими суд-тиббий эксперти З.У. ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, шу ишга қўл ургани аниқланган.
З.У фуқаро И.нинг 15 август куни вафот этган қариндоши мурдасини ўликхонадан чиқариб бериш эвазига 200 АҚШ долларини тамагирлик йўли билан талаб қилиб олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан З.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми "в" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.