Хоразмда махсус инвестицион компания ташкил қилинди - президент қарори

Хоразмда тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестициялар жалб қилиш бўйича президент махсус қарори қабул қилинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 авг - Sputnik. Хоразм вилоятида инвестицияларни жалб қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилади. Бу ҳақида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 17 август куни қабул қилинган қарорида айтиб ўтилган. 

Махсус инвестицион компания

Миллий Банк,  Ўзсаноатқурилишбанк ҳамда Асака банкларнинг ташқи иқтисодий фаолият инвестиция компаниялари таъсисчилигида устав капитали 30 млн АҚШ доллари бўлган “Khorezm Invest Project” МЧЖ инвестиция компанияси ташкил этилди.

Компаниянинг асосий вазифаси этиб қуйидагилар белгиланган: 

  • Хоразм вилоятидаги инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш;
  • Лойиҳаларни амалга оширишга маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш;

Кейинчалик компания устав фонди миқдори учинчи шахсларнинг ҳиссалари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари миқдоригача кўпайтирилиши мумкин.

"Ҳазорасп" эркин иқтисодий ҳудуди кенгайтирилади  

Қарорда айтилишига кўра, "Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган бўш турган ер участкалари ҳисобидан кенгайтирилади. Таалуқли ташкилотлар томонидан кенгайтирилган ҳудудлар бош режаси ишлаб чиқарилади ва у ерларда йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси қурилади ва таъмирланади.

Инфратузилма қуриш ишлари билан вилоят ҳокимлиги ҳузурида ташкил қилинган “Ягона буюртмачи хизмати” ИК давлат унитар корхонаси шуғулланади. 

Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан ушбу “Ҳазорасп” ЭИЗига хорижий инвестициялар жалб қилинади.

"Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Греция, Франция, Испания, Италия, Латвия, Польша ва Туркия давлатларидаги элчихоналари Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасида янги инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш чораларини кўрсин", - дейилган қарорда. 

Ундан ташқари, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, тегишли тармоқ корхоналари билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар истиқболли 26 та йирик инвестиция лойиҳаси билан бир вақтда Хоразм вилоятининг ҳар бир туманида қўшимча янги саноат ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилишини таъминласин.

Хоразм вилояти ҳокимлигига “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасининг кенгайтирилган ҳудудларида замонавий рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган тайёр саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган ишлаб чиқариш қувватларини босқичма-босқич жойлаштириш чораларини кўриш вазифаси топширилди. 

Инфратузилма - давлат кредити ҳисобига 

Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши билан келишган ҳолда вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси Дирекцияси” ДУКга келгуси йилларда ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш шарти билан 2020-2021 йиллар даврида сақлаш харажатлари учун асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасининг кенгайтирилган ҳудудларида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини қуриш учун инвестиция компаниясига 10 йил муддатга 2,5 фоиз ставкасида 13 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағлар ажратилсин.

Белгилансинки, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратиладиган маблағларни сўндиришда “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини қуриш харажатлари тегишли равишда инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари томонидан мутаносиб равишда ажратилган ер майдони кўламидан келиб чиқиб босқичма-босқич қопланади, сўндириш учун маблағлар етарли бўлмаган тақдирда инвестиция компанияси томонидан қайтарилади.