Ўзбекистонда коронавирус: 17 август асосий хабарлари

Бир сутка давомида 373 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 35 702 нафарни ташкил қилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.

Uzbekistan Airways 1 сентябргача фақат чартер парвозлар амалга оширади 

Бир сутка давомида 373 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 35 702 нафарни ташкил қилмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг 184 нафари Тошкент шаҳрида, 5 нафари эса Андижон вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Соғайиш кўрсаткичи

Бугуннинг ўзида 411 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 31 384 нафарга етди. Соғайиш кўрсаткичи 87 фоизга етди.

Айни пайтда 4 082 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

Ўлим ҳолатлари

Кун давомида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор –  Юнусобод туманида яшаган 65 ёшли Д.Т. (аёл), Тошкент туманида яшаган 59 ёшли Г.Ч. (аёл), Учтепа туманида яшаган 52 ёшли А.Э. (эркак), Юнусобод туманида яшаган 25 ёшли М.Р. (аёл) вафот этди.

Ўзбекистонда жами 236 киши пандемия қурбони бўлди.

Россиялик шифокорлар ёрдами

Тошкентга россиялик 40 га яқин юқори малакали мутахассислар етиб келишди. Эпидемиологлар, вирусологлар, эндокринологлар, реаниматологлар, кардиологлар ва пулмонологлар 1 ой давомида ўзбекистонлик ҳамкасблари билан пандемияга қарши курашда иштирок этишади.

Коронавирусдан вафот этган беморлар белгиланган тартибда дафн этилади - ССВ

Бир ой давомида улар пандемияга қарши курашиш учун ўзбекистонлик ҳамкасблари билан яқиндан ҳамкорлик қилишади. Шифокорлар Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар Илмий-тадқиқот институтида, Зангиота туманида махсус очилган клиникада ва республиканинг бошқа ҳудудларида ишлаши режалаштирилмоқда.

Халқаро парвозлар

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” 1 сентябрга қадар барча хорижий парвозларни бекор қилди. Унгача фақат чартер парвозлар амалга оширилади. Хорижий парвозлар ушбу давлатлардаги эпидемиологик вазият туфайли бекор қилинган. Август ойи учун харид қилинган чипталар нархи йўловчиларга қайтарилади ёки бошқа санага кўчирилади.

Қайта очилган масжидлар

Бугундан Ўзбекистонда масжид, черков ва бошқа диний муассалалар жамоат тадбирлари ўтказиш учун очилди. 

Диний муассасларда жамоат тадбирлари ўтказиш давомида барча санитария қоидаларига риоя қилиш талаби сақланиб қолинган. Масжидларга келган фуқаролар ниқоб ва қўлқоп тақиш, ижтимоий масофа сақлаш, тана ҳароратини ўлчаш чораларига қатъий риоя қилишлари керак бўлди.

Дунё саломатлиги

Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 21,7 миллиондан ошди, 775 минг киши вафот этди, 13,7 миллион киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (5,4 млн), Бразилияда (3,3 млн), Ҳиндистонда (2,6 млн).