ХТВ давлат мактаблари қачон иш бошлаши ҳақидаги саволга жавоб берди

Ҳозир ҳамма баравар бозорга борса ижтимоий масофа сақлаш қийин бўлади, шунинг учун жуда шошилиш, барча харидларни мактабгача амалга ошириш шарт эмас, дея таъкидлайди вазирлик
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 авг - Sputnik. Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан келиб тушаётган давлат мактабларида янги ўқув йили қачондан бошланиши, ўқувчилар учун ўқув қуроллари ҳамда мактаб формасини харид қилиш масалалари юзасидан саволларга жавоб берди.

Марказий Осиёда ва бошқа давлатларда янги ўқув йили қандай бошланади?

Хабарда қайд этишича, Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2020 йилнинг 20 августидан бошлаб буюм бозорлари ҳамда буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар фаолиятига рухсат берилди. 

"Албатта ўқув йили қачон бошланишидан қатъий назар ўқувчилар учун ўқув қуроллари керак бўлади. Ота-оналаримиздан, бозор ва дўконлар очилгани билан, санитария қоидалари ва ижтимоий масофа сақлашлари, айниқса, фарзандлари соғлигига алоҳида эътибор қаратишларини сўраймиз. Ҳозир ҳамма баравар бозорга борса ижтимоий масофа сақлаш қийин бўлади, шунинг учун жуда шошилиш, барча харидларни мактабгача амалга ошириш шарт эмас. Ўқув қуроллари ва кийим-кечакларни мактаб бошланганидан кейин ҳам олиб бериш мумкин, энг асосийси ўзингиз ва фарзандларингизнинг саломатлигини асраш!", - дейилади хабарда.

Айни дамда ўқув йилини бошлаш юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга таклиф киритиш бўйича топшириқ берилган. Давлат умумтаълим мактаблари бўйича Республика Махсус комиссиясининг қарори яқин кунларда эълон қилинади.

Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги мактаблар фаолиятини давом эттириш бўйича 3 та сценарий таклиф қилгани ҳақида хабар берган эдик.