Тошкентда 15 августдан метро ишга тушади

Соат 6-00 дан эътиборан, Тошкент метрополитенининг “Ўзбекистон”, “Чилонзор” ва “Юнусобод” линиялари доимий иш режимида фаолият юритишни бошлайди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 авг - Sputnik. Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ эртага, 15 августдан бошлаб, Тошкент метрополитени фаолияти қайта йўлга қўйилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар бермоқда.

Ўзбекистонда 15 августдан маҳаллий авиа ва темир йўл қатновлари босқичма-босқич тикланади

"Соат 6-00 дан эътиборан, Тошкент метрополитенининг "Ўзбекистон", "Чилонзор" ва "Юнусобод" линиялари доимий иш режимида фаолият юритишни бошлайди. Метро вагонлари доимий равишда қатновга чиқишдан олдин ва ҳар бир қатновни якунлагандан сўнг тўлиқ дезинфекциядан ўтказилади", - дейилади хабарда.

Санитария талаблари доирасида йўловчиларнинг метро станциялари ва поезд вагонлари ичида тиббий ниқобда бўлишлари талаб этилади, тиббий ниқобсиз йўловчилар метро станцияларига киритилмайди.

Тошкент метрополитенининг "Юнусобод" линиясида янги қуриб битказилган бекатларида, шунингдек, ҳалқа метро линиясининг Дўстлик – Қўйлиқ участкасида қатновлар ҳозирча амалга оширилмайди.