Сўхда қурилаётган кичик аэропорт ҳақида маълумот берилди

Президент қарори билан Сўх тумани “Новобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 10 гектарда кичик аэропорт ташкил этилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 авг — Sputnik. Сўх туманида самолёт ва вертолётлар учиш-қўниш майдончаси ташкил этиш ишлари бошланди. Бу ҳақда бош вазир Абдулла Ариповнинг туман фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.

Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, тумандаги “Новобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кичик аэропорт ташкил этилмоқда. Мазкур майдон салкам 10 гектар майдонни эгаллайди. Бу ердан илгари маҳаллий аҳоли аэропорт сифатида фойдаланган.

Фарғонадан Сўхга кичик авиация транспортида қатнов йўлга қўйилади

Авиақатновларга Ўзбекистондаги “Humo Air” авиакомпаниясининг Ан-2 самолёти ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўлларининг” “Uzbekistan Helicopters” МЧЖга қарашли МИ-8 вертолётларини жалб қилиш кўзда тутилмоқда.

Ан-2 самолёти 12 та йўловчи сиғимига, МИ-8 вертолёти эса 16 нафардан 20 нафаргача одам олиш имкониятига эга ҳисобланади.

Йўловчилар 35-40 дақиқада Фарғонадан Сўхга ёки Сўхдан Фарғонага етиб олиш имкониятига эга бўлади. Парвозларни ҳозирча кунига 2 тадан амалга ошириш мўлжалланмоқда. Келгусида талабга қараб парвозлар кўпайтирилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиация транспортида парвозлар йўлга қўйилиши хабар қилинган эди.