Ўзбекистон Ростов вилоятидан 900 нафардан зиёд фуқаросини олиб келмоқда

Россиянинг Ростов вилоятидаги 918 нафар фуқаро билан поезд “Первомайская” станциясидан Ўзбекистонга жўнади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати коронавирус пандемияси сабаб ёпилган чегара туфайли Россиянинг Ростов вилоятида қолиб кетган 900 нафардан зиёд фуқароларини мамлакатга қайтармоқда.

“Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, 10 август маҳаллий вақт билан соат 13.20 да 918 нафар юртдошларимиз билан поезд “Первомайская” станциясидан Ўзбекистонга жўнади”, - дейилади ТИВ хабарида.

Россиянинг Шимолий Кавказ ва Жанубий федерал округларидаги фуқароларни олиб келиш Ўзбекистон ТИВ ва Транспорт ваизрлиги томонидан ташкиллаштирилган.

Ўзбекистон фуқаролари Самара ва Оренбургдан поездларда қайтарила бошлади

Таъкидланишича, ҳозирда Ўзбекистон фуқароларини ватанга тезроқ қайтариш учун Россиянинг турли ҳудудларидан рейсларни кўпайтириш, рейслар, жумладан темир йўл рейсларининг йўналиши ва турларини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланган 1850 нафар фуқаро поездларда ватанга қайтарилган эди. Ватандошлардан Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш нуқталарига бормасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва барча карантин талабларига қатъий риоя қилишларини сўралган эди.