“Чорвоқ”да чўмилиш тақиқланиши мумкин

“Чорвоқ” сув омборининг қирғоғи периметри бўйлаб аҳолининг чўмилиши қатъиян тақиқлаш таклиф қилинмоқда. Бу сув омбори ҳавзасининг санитария муҳофазасини яхшилаши керак.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. “Чорвоқ” сув омборида чўмилиш ҳам тақиқланиши мумкин. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мазкур сув омбори ҳавзасининг санитария муҳофазасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Ўзбекистоннинг ўзини "Олтин ҳалқа"си пайдо бўлади

Ҳужжатда ёзилишича, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Чорвоқ” сув омбори Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолисини экологик жиҳатдан тоза ва сифатли ичимлик суви билан  таъминлашда стратегик аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда сув омборида тўпланаётган сувнинг санитария-гигиеник ҳолати маиший ва кимёвий чиқиндилар ташланиши сабабли тобора ёмонлашиб бормоқда.

Шунингдек, “Чорвоқ” жойлашган ҳудуд рельефининг мураккаблиги, сувнинг 220 метрдан чуқурлиги ҳамда сувда сузувчи транспорт воситаларидан фойдаланиш, аксарият ҳолатларда аҳоли томонидан чўмилиш қоидаларига риоя этилмаслиги чўкиш билан боғлиқ нохуш ҳолатларга олиб келган. 

Хусусан, 2 та скутернинг тўқнашиши оқибатида 2017 йилда 2 нафар ва 2015 йилдан 2020 йилнинг июль ойига қадар 8 нафар фуқаролар чўкиш оқибатида вафот этган, дея статистикани келтирган ФВВ.

“2020 йил 1 августдан бошлаб Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Чорвоқ” сув омборида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган моторли қайиқлар, катерлар, яхталар, гидроцикл ва бошқа сузувчи воситалардан фойдаланиш ҳамда пляжлар ташкил этиш ва сув омборининг қирғоғи периметри бўйлаб аҳолининг чўмилиши қатъиян тақиқлансин”, - дейилган ҳужжатда.

Фақат махсус вазифаларни бажариш ваколатига эга вазирлик ва идораларга ўз моторли қайиқларидан фойдаланишларига рухсат бериш таклиф қилинмоқда.

ФВВ ва ИИВ томонидан юқоридаги талабларга риоя этилиши бўйича профилактик тадбирларни кучайтириш ҳам таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳаси 23 августга қадар муҳокама қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Ҳукуматнинг жорий йил 10 июлдаги қарори билан “Чорвоқ”да моторли қайиқлар, катерлар, яхталар, гидроцикл ва бошқа сузувчи воситалардан фойдаланиш тақиқланган эди.