ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Сўх тумани аҳолиси учун Фарғона вилоятининг 5 та туманлари ҳудудида деҳқончилик қилиш учун экин ер майдони ва ипотека кредитлари асосида квартиралар ажратилади. Бу президент қарорида кўзда тутилган.
Ер вилоятнинг Ёзёвон, Қўштепа, Бағдод, Риштон ва Бувайда туманлари ҳудудида ажратилади.
Сўх тумани ҳокимига Фарғона вилояти ҳокимлиги билан келишган ҳолда 2022 йил 1 январга қадар туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳалар учун, истисно тариқасида, суғориладиган ер майдонларидан ташқари ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ҳуқуқи берилади.
Фарғона вилояти ҳудудида марказлаштирилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларига, шунингдек, саноат корхоналарида янги ташкил этилаётган иш ўринларига Сўх тумани аҳолисини кенг жалб қилиш белгиланган.
Фарғонадан Сўхга кичик авиация транспортида қатнов йўлга қўйилади
Шунингдек, президент туманнинг иш билан бандлиги таъминланмаган аҳолисининг бир қисмини Тошкент шаҳрида йирик объектларда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларига тизимли равишда жалб қилиш вазифасини топширди.