Бекободда маҳалла раиси кам таъминланганларга бериладиган пулларни талон-тарож қилди

Ўз вақтида олиб борилган ўрганишлар натижасида қарийб 70 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилинишининг олди олинди, деб хабар қилади Бош прокуратура матбуот-хизмати.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 авг - Sputnik. Бекобод туманида кам таъминланган оилалар учун тўланадиган 69,9 млн сўм маблағларнинг ноқонуний сарфланишининг олди олинди.

"Ишламаган тишлайди": маҳалла раиси ва АБКМ вакили 36,2 млн сўмни ўзлаштирди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бекобод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, тумандаги маҳалла раисларидан бири Х.Ғ. талон-тарож ишларига қўл ургани аниқланди.

Маълум бўлишича, оқсоқол томонидан ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилиб, у раислигидаги маҳаллада яшамайдиган ва нафақага муҳтожи бўлмаган 26 нафар фуқароларга жами 101,5 млн сўм нафақа пуллари тайинлангани ва шундан 31,6 млн сўми фуқароларга асоссиз тўлаб берилганлиги аниқланган.

Ўз вақтида олиб борилган ўрганишлар натижасида 69,9 млн сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилинишининг олди олинди, деб хабар қилади Бош прокуратура матбуот-хизмати.

Мазкур ҳолат юзасидан маҳалла раиси Х.Ғ.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми "г" банди ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.