Ўзбекистонда коронавирус: 7 август асосий хабарлари

Бир сутка давомида 522 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 29 057 нафарни ташкил қилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 авг — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.

Кения ўзбекистонлик туристларга ўз ҳудудига карантинсиз киришга рухсат берди

Бир сутка давомида 522 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 29 057 нафарни ташкил қилмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг 197 нафари Тошкент шаҳрида, 23 нафари Тошкент вилоятида, 15 нафари Хоразм вилоятида ҳамда 13 нафари Андижон вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Даволаниш кўрсаткичи

Бугуннинг ўзида 472 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 20 059 нафарга етди.

Айни пайтда 8 817 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 728 нафари оғир, 217 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Ўлим ҳолатлари

Кун давомида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор – Тошкент шаҳар  Олмазор туманида яшаган 39 ёшли Б.С. (эркак) ҳамда Учтепа туманида яшаган 68 ёшли Л.К. (аёл), Мирзо Улуғбек туманида яшаган 71 ёшли Н.И. (аёл), Қибрай туманида яшаган 69 ёшли С.Б. (эркак) вафот этди.

Ўзбекистонда жами 181 киши пандемия қурбони бўлди.

Фуқароларни олиб келиш

Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланган 1850 нафар фуқаро қайтарилади.

6 август куни Оренбург вилоятининг “Бузулук” станциясидан 920 нафар фуқаро биринчи поезд Ўзбекистонга жўнаб кетди. Иккинчиси 7-август куни Самара вилоятининг “Кинел” станциясидан 930 нафар фуқаро билан жўнайди. Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланган жами 1850 нафар Ўзбекистон фуқаролари қайтарилади.

7 август ҳолатига кўра Оренбург ва Самара вилоятларида Россия-Қозоғистон давлатлараро чегараси яқинида Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши кузатилмаяпти.

Кенияга саёҳат

Кения ҳукумати 5 августдан бошлаб ўзбекистонлик туристларга ўз ҳудудига мажбурий карантинсиз киришга рухсат берди. Найроби аэропорти сайтида карантин бекор қилинаётган 126та давлатдан иборат рўйхат эълон қилинган. Ўзбекистон рўйхатда 124 ўринда жойлашган.

Россиянинг коронавирусга қарши вакцинаси дунёда биринчи бўлиб рўйхатга олинади

Кенияга борадиган туристлар коронавирус йўқлиги қайд этилган инглиз тилидаги маълумотномага эга бўлишлари лозим. Бундай маълумотнома парвоздан 96 соат олдин олиниши лозим.

Тест синовлари

ОТМларга кириш имтиҳонлари 2 сентябрдан бошлаб, 2 ҳафта давомида ўтказилади. Тест синовлари очиқ стадионларда, кунига 2 сменада ташкил этилади. Натижаларни эълон қилишда ўзгариш бўлмайди. Худди ҳар йилгидек тест синовлари ўтказилган кунининг эртасига абитуриентнинг шахсий саҳифасида эълон қилинади.

Тест синовлари учун 155 стадиондан 40 га яқин стадион жалб этилиши режалаштирилган. Стадионнинг соялик даражалари ва бошқа шароитларга эътибор қаратилган. Соябонлар қўйилиши маласига ҳам эътибор қаратилади. Ота-оналар учун кутиш жойлари, шифокорларга шароит яратиш каби ташкилий масалалар ҳал қилинмоқда.

Дунё саломатлиги

Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 19,1 миллиондан ошди, 715 минг киши вафот этди, 11,6 миллион киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (4,9 млн), Бразилияда (2,9 млн), Ҳиндистонда (2,0 млн).