ТОШКЕНТ, 6 авг - Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ матбуот-хизмати Олмазор туманида электр узатиш тармоғига чиқиб, барчани ўз жонига қасд қилиш билан қўрқитган аёл акс этган видео юзасидан шарҳ берди.
Маълум бўлишича, бугун, 6 август куни Олмазор туманида хизмат олиб борган профилактика инспекторлари А. Каримов ва З. Жабборбергановлар ҳамда патруль-пост хизмати автоэкипажи ходимлари Кичик халқа йўли кўчасида юқори вольтли электрузатиш тармоғи устунига чиқиб олган аёлни кўриб қолишган.
Аёл атрофдагиларга ўзини тепадан ташлаб, ўз жонига қасд қилмоқчилигини айтган.
ИИББ ходимлари шу атрофда бўлган Сергели тумани 8-сон ёнғин-қутқариш қисми мутахассиси сафдор Шерзодбек Нурмуҳамедов билан аёлнинг ёнига чиқиб, уни пастга туширгач, Олмазор тумани ИИО ФМБ 6-сон ИИБга етказишган.
Аёлнинг шахси аниқланган: у Фарғона вилоятидан бўлган 36 ёшли Д.У. вақтинчалик пойтахтнинг Олмазор туманида яшаб келган. Ҳозирги вақтда психолог аёл билан иш олиб бормоқда.