Ўзбекистонда коронавирус: 6 август асосий хабарлари

Бир сутка давомида 761 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 28 315 нафарни ташкил қилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 авг — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.

Олимлар коронавируснинг заиф жойини аниқлади

Бир сутка давомида 761 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 28 315 нафарни ташкил қилмоқда.

Даволаниш кўрсаткичи

Бугуннинг ўзида 609 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 19 291 нафарга етди.

Айни пайтда 8 849 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 800 нафари оғир, 230 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Ўлим ҳолатлари

Кун давомида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор – Тошкент шаҳар  Мирзо Улуғбек туманида яшаган 48 ёшли К.Н. (эркак), Юнусобод туманида яшаган 62 ёшли М.М. (аёл), Шайхонтоҳур туманида яшаган 51 ёшли А.Б. (эркак), Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида яшаган 37 ёшли Н.О. (аёл) вафот этди.

Ўзбекистонда жами 175 киши пандемия қурбони бўлди.

Боғчалар фаолияти тикланиши

Мактабгача таълим ташкилотларида коронавирус пандемияси сабабли тўхтатилган фаолият жараёнини тиклашга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Пандемия шароитида МТТларда иш жараёни қандай тамойиллар асосида ташкил этилиши тасвирланган видеоролик тайёрлади. 

Меҳнат бозорини тиклаш

Россия Федерациясидаги Нефть ва газ илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш институти раиси ўринбосари Денис Мишченко бошчилигида "Renaissance Heavy Industries" ва "Yamata Yatirim İnşaat Turizm ve Ticaret Anonim Şirketi" компаниялари вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Делегация аъзолари билан Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик департаменти ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида учрашувлар ўтказилди.

Рус-қозоқ чегарасидаги ҳодиса: мигрантлар қандай қилиб фирибгарлар қурбонига айланди

Учрашувларда пандемия шароитида меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясига ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш, уларга касб ва тил ўргатиш каби масалалар муҳокама этилди.

Мулоқот давомида пандемиядан кейин меҳнат бозорини тиклаш, эпидемиологик вазиятда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари хавфсизлигини таъминлаш, уларни тартибли, манзилли ва ташкиллаштирилган ҳолда ишга жойлаштириш ҳамда ишчилар учун зарурий меҳнат шароитлари яратилиб, бунинг учун иш берувчи ташкилот кафил бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Дунё саломатлиги

Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 19,0 миллионга етди, 706 минг киши вафот этди, 11,3 миллион киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (4,8 млн), Бразилияда (2,9 млн), Ҳиндистонда (2,0 млн).