ТОШКЕНТ, 5 авг - Sputnik. РФ Марказий сайлов комиссияси Беларусда бўлиб ўтадиган президент сайловларини кузатмайди, чунки Минск томонидан таклифнома олмаган, шунингдек, коронавирус пандемияси туфайли РФ ўз вакилларини республикага юбориши имконияти мавжуд эмас, деб хабар қилди РИА Новостига МСК раҳбари Элла Памфилова.
Беларусда давлат раҳбари сайловлари 9-август куни бўлиб ўтади, сайлов пойгасида беш номзод, шу жумладан, амалдаги президент Александр Лукашенко ҳам қатнашмоқда. Сешанба куни республикада муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланди.
"Россия МСК беларуслик ҳамкасблардан анъанавий расмий таклифномани олгани йўқ", - деди Памфилова.
Памфилова шунингдек, РФ кузатувчилари ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва МДҲ миссиялари таркибида ҳам бормасликларини қўшимча қилган. Унинг айтишича, ДИИҲББ беларус томонидан таклифномани кеч олган, МДҲ МСК орқали эса РФ ўз вакилларини "юмшоқ қилиб айтганда, беларус раҳбариятининг коронавирус пандемиясига бўлган ўта специфик муносабати туфайли", юбориш мумкин деб ҳисобламайди.