ОАВ: агар барча Хитой журналистлари АҚШни тарк этса, Пекин жавоб чорасини кўради

Вашингтон хитойлик журналистларнинг визасини узайтирмаса ва уларни тарк этишга мажбур қилса, Пекин жим қараб турмайди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. ХХР агар Вашингтон хитойлик журналистларнинг визасини узайтирмаса ва уларни тарк этишга мажбур қилса, қатъий жавоб чораларини қабул қилишга тайёр. Бу ҳақда Global Times нашри бош муҳаррири Ху Сицзинь маълум қилди.

Хитой ҳукумати АҚШнинг Чэндудаги консулхонасини ёпди

“Америка томони хитойлик журналистларнинг визасини узайтирмаганини инобатга олиб, Хитой энг ёмон сценарийга тайёргарлик кўрди, унда барча хитойлик журналистлар АҚШни тарк этишлари шарт бўлади. Агар бу рўй берса, Хитой бунга жавобан қатъий чораларни кўради, жумладан Гонконгдаги америка журналистларига нисбатан”, - дея ёзган у  Twitterʼдаги саҳифасида.

Жорий йилда АҚШ ва ХХР ўртасида ОАВ коронавирус эпидемиясини қай тарзда ёритиб бораётгани хусусида зиддият юзага келди. АҚШ қатор Хитой ОАВларидан Америкада фаолият юритаётган журналистлар сонини қисқартиришни талаб қилди. Бу мамлакатдан 60 нафар хитойлик журналистларни чиқариб юборишга олиб келди.

Ўз навбатида Хитой New York Times, Wall Street Journal ва Washington Post газетасида ишлаётган АҚШ фуқароларидан журналист гувоҳномаларини топширишни талаб қилди. Бу ҳам америкалик журналистларнинг Хитойни тарк этишига сабаб бўлди. Бундан ташқари, АҚШ ва Хитой журналистларга бўлган ўзаро талабни кучайтирди.