ТОШКЕНТ, 4 авг - Sputnik. 3 август куни кундузи номаълум шахс “Универсал- банк”нинг Киевдаги "Леонардо" бизнес марказидаги филиалини портлатиш билан таҳдид қилди. Кейинчалик, бу шахс Ўзбекистон фуқароси Суҳроб Каримов эканлиги маълум бўлди.
Банкни қўлга олиш ва СБУнинг махсус операцияси: бу қандай ўтди
Кун ўртасида "Универсал-банк" ходимаси полицияга қўнғироқ қилиб, 35 ёшлар атрофидаги эркак банк бўлимига келганини ва унинг сўзларига кўра, сумкасида бомба борлигини маълум қилди. Жиноятчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларини чақиришни сўради. У бўлим бошлиғини гаровга олиб, қолган барча ходимларни озод қилди.
Полиция ва хавфсизлик хизматлари бинони ўраб олиб, шаҳар аҳолисидан айланма йўлдан ҳаракатланишни сўради. Аввалига, одам гаровга олинишига қарши "Гром" полиция операцияси режаси киритилди. Кейин операция бошқарувини Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) ўз зиммасига олди, у "Бумеранг" терроризмга қарши кураш режасини жорий этди.
Бинога ҳужум уюштиришга имкон бўлмади: Каримов рюкзакка тортилган ипни оёғига боғлаб олиб, портловчи мосламани ишга тушуриши билан таҳдид қилган. Бу ҳақиқатан ростми-ёлғонми, ўша дақиқаларда маълум бўлмаган. Бундан ташқари, эркакнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини ўрганишдан унинг "руҳий носоғломлиги" маълум бўлди.
Хавфсизлик ходимлари музокараларга киришди ва босқинчига таслим бўлишни таклиф қилди. У интервью бериш учун ОАВ вакилларини киритишларини талаб қилди. Бошқа маълумотларга кўра, у қўшимча 40 минг гривна (1,44 минг доллар) талаб қилган.
Махсус кучлар уни соат 15.00 ларда тўғридан-тўғри эфирда у ўзини телевизорда кўрсатаётганига ишонч ҳосил қилганида кишанладилар. Қўлга олиш жараёнида икки телеканал журналистлари ихтиёрий иштирок этдилар.
Бино текширилганида, тажовузкорнинг ёлғон гапиргани аниқланди: унда на бомба, на хавфли мослама бўлмаган.
Унга нисбатан Украина Жиноят кодексининг 258-моддаси "Террористик акт" 1-қисми бўйича жиноий иши қўзғатилди. Ҳозирда жиноятнинг сабаблари ва террорчининг эҳтимолий шериклари аниқланмоқда.
Украина пойтахти полицияси раҳбари Виктория Азарованинг сўзларига кўра, Каримов ўзини "муқаддас руҳ" деб атаган.
Террорчи ҳақида нималар маълум?
Украина СБУ маълумотларига кўра, Суҳроб Раҳматович Каримов 32 ёшда, Ўзбекистон фуқароси, Самарқандда туғилган.
Украина ИИВ раҳбарининг ўринбосари Антон Геращенко ўзининг Facebook'даги саҳифасида шуни маълум қилди: террорчининг ватанидан олинган маълумотларга кўра, Каримов 1998 йилдан бери "Олигофрения" ташхиси билан неврологик-психиатрик ҳисобда турган. Самарқанд психоневрологик диспансери Sputnik Ўзбекистон мухбирига бундай маълумотни ошкор этиш тақиқланганлигига ишора қилиб, маълумотни тасдиқламади, ҳам рад этмади.
Киевда, бу эркак тахминан беш йилдан бери яшаб келмоқда, резидент бўлган. Украиналик блогерларнинг хабар беришича, у пойтахт ресторанларидан бирида официант бўлиб ишлаган ва хостелда яшаб келган, у ердан уни гиёҳванд моддалар - амфетамин ва марихуана истеъмол қилгани учун чиқариб юборишган.
Маҳаллий ОАВлар эркакнинг Украинанинг Запорожье вилояти, Бердянск тумани, Новопетровка қишлоғида қайд этилганини аниқладилар. Шу ерда Каримов билан узоқ вақтдан бери алоқада бўлмаган, унинг собиқ хотини ва фарзанди яшаб келган.
30-чи июл куни, банк филиалига бостириб киришдан бир неча кун олдин, эркак ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасида "жиҳод" эълон қилди ва кофирларни ўлдиришга чақирди.
Тошкент қандай муносабат билдирди
Ўзбекистон томони ҳодиса юзасидан ҳозирча расмий изоҳ бермади. Аммо бу борада ишлар олиб борилмоқда.