ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Хоразм вилояти Гурлан туманида рўй берган “самосуд” акс этган видео юзасидан расмий маълумот берди.
Аниқланишича, 24 июль куни 26 ёшли эркак ўзининг таниши 20 ёшли (аёл) билан учрашган. Буни эркакнинг турмуш ўртоғининг дугоналари кўриб қолиб, унга хабар беришган.
Сўнгра дугоналар ўша қизни турли хил уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, дуч келган жойига уриб тепишган.
Жанжални дугоналардан бири видеотасвирга олиб, кейинчалик ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборган.
Гурлан тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов департаменти фуқаролардан юқоридаги каби ҳолатларда ўзбошимчалик билан ҳаракат қилиб, хато қилганларни ўзлари жазолашга уринмасликни, белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишни сўраган.