Тошкент вилоятида пластик жарроҳлик столида 29 ёшли бемор вафот этди

Бурун деформацияси ташхиси бўйича ўтказилган жарроҳлик амалиёти давомида вафот этган 29 ёшли бемор 2018 йил ноябрь ойига қадар прокуратура органлари тизимида ишлаб келган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. Бош прокуратура ижтимоий тармоқда тарқалган нотўғри жарроҳлик амалиёти сабабли прокуратура ходими вафот этгани ҳақида хабар юзасидан муносабат билдирди.

Аниқланишича, 2020 йил 30 июль куни фуқаро 29 ёшли С.Т. Зангиота туманидаги “Лор Мед сервис” хусусий клиникасида бурун деформацияси ташхиси бўйича ўтказилган жарроҳлик амалиёти давомида вафот этган.

Гўзаллик қурбони: Тошкентдаги пластик жарроҳлик клиникаси туфайли уч киши ўлди

Мазкур ҳолат юзасидан Зангиота тумани прокуратураси терговга қадар текшириш ҳаракатларини олиб бормоқда.

“Марҳум С.Турдиев ҳақиқатда 2018 йил ноябрь ойига қадар прокуратура органлари тизимида ишлаб келиб, Тошкент вилояти прокурорининг буйруғига асосан прокуратура органларидан бўшатилган”, - дейилган хабарда.

Прокуратура шифокор ҳибсга олинганлиги ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслиги маълум қилган.