Мирзиёев Ашраф Ғани билан қўнғироқлашди: етакчилар нималарни муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан телефон орқали мулоқот қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Афғонистон Ислом Республикаси президенти Ашраф Ғани билан телефон орқали мулоқот қилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбат аввалида давлат раҳбарлари муқаддас Қурбон ҳайит айёми муносабати билан бир-бирларини самимий табриклаб, биродар халқларга тинчлик-осойишталик ва фаровонлик тиладилар.

Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорлик, аввало, иқтисодиёт, энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги амалий шерикликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Минтақавий аҳамиятга молик энг муҳим масалалар юзасидан ҳам батафсил фикр алмашилди.

Ўзбекистон Афғонистондаги уч кунлик сулҳни олқишлайди – ТИВ

Давлат раҳбарлари иккала мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва эпидемиологик вазиятни назорат қилиш борасида кўрилаётган қатъий чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

Пандемиянинг салбий оқибатларини камайтириш ҳамда мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар суръатини сақлаб қолиш муҳимлиги қайд этилди.

Президентлар Афғонистоннинг барқарор тараққиётига, минтақавий иқтисодий жараёнларда фаол иштирок этишига хизмат қиладиган устувор инфратузилма ва инвестиция лойиҳаларини илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга муҳим эътибор қаратдилар.

Булар чегараолди ҳудудларда замонавий савдо-логистика инфратузилмасини яратиш, “Сурхон – Пули Хумри” электр узатиш линиясини барпо этишдек йирик лойиҳаларни амалга ошириш ва Афғонистон ҳудудида самарали транспорт йўлакларини ташкил этиш, жумладан, халқаро молиявий институтлар ва донор мамлакатлар имкониятларини фаол жалб қилишни назарда тутади.

Таълим ва маданий-гуманитар алмашинув бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш давом эттирилади. Ўзбекистон ва Афғонистон раҳбарлари афғон муаммосини тинч йўл билан ечиш масалаларини кўриб чиқдилар ҳамда афғонлар ўртасида ўзаро музокараларни тез фурсатда бошлаш бўйича олиб борилаётган ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватладилар.

Ашраф Ғани 2018 йил март ойида бўлиб ўтган ҳамда натижалари афғон инқирозини сиёсий йўл билан ҳал этишда салмоқли силжишга эришиш имконини берган Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференциясининг тарихий ролини алоҳида қайд этди.

Мулоқот якунида давлат раҳбарлари икки мамлакат ва бутун Марказий Осиё минтақаси манфаатлари йўлида кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш борасида қатъий эканликларини таъкидладилар.