ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. UFC билан шартнома имзолаган илк ўзбекистонлик спортчи Маҳмуд Муродов навбатдаги жангини 2020 йилнинг 17 октябрида ўтказади. Бу ҳақда спортчи ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.
“Дўстлар, кейинги жангим 17 октябрда Кшиштоф Йоткога қарши бўлиб ўтади. Худо хоҳласа, тез орада сизларни яна бир ғалаба билан хурсанд қиламан! Қўллаб-қувватлаганингиз учун барчангизга катта раҳмат” — деб ёзиб қолдирган у.
Польшалик Кшиштоф Йотко MMA’даги фаолияти давомида 26 та жанг ўтказиб, шуларнинг 22 тасида ғалаба қозонган, 4 тасида эса мағлубиятга учраган.
Маҳмуд Муродов UFC’да ҳозиргача иккита жанг ўтказган. Ҳар икки жангда унинг қўли баланд келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Маҳмуд Муродовнинг UFCʼдаги учинчи жанги бекор қилингани хабар қилинган эди.