Россиянинг Амур вилоятига жўнаб кетган Ўзбекистон фуқаролари бўйича қўшимча изоҳ берилди

Куни кеча Амур вилоятига жўнаб кетган меҳнат мигрантларининг фаолияти доимий мониторинг қилиб борилади. Иш берувчи ташкилотнинг эса 13 июль куни ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иштирокида тартибсизликлар юз берган ташкилотга алоқаси йўқ.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 авг - Sputnik. Куни кеча, 31 июль куни, 144 нафар Ўзбекистон фуқароларининг РФнинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун чартер рейс орқали учиб кетишгани ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Интернет фойдаланувчиларининг аксарияти ушбу фуқаролар ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иштирокида июль ойида тартибсизликлар юз берган ташкилотга жўнатилгани ҳақида изоҳлар қолдиришган.

Амур вилоятидаги муаммонинг ечими топилди - элчихона

Маълумот учун, 2020 йилнинг 13 июль куни Россия Федерацияси Амур вилояти Свободный туманидаги "Renaissance Heavy Industries" компаниясига тегишли вақтинчалик вахта шаҳарчасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирокида оммавий тартибсизликлар юз берган эди.

ОАВ хабарларида айтилишига кўра, иш ҳақи тўланмаганлиги туфайли келиб чиққан можаро оқибатида 300га яқин ишчилар корхонага тегишли бўлган бир неча автомобилларни ағдариб ташлаган. 

 

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати эълон қилган баёнотга кўра, Ўзбекистоннинг қатор масъул ташкилотлари саъй-ҳаракатлари билан эришилган келишувга мувофиқ "labor migration" дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган фуқаролар Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун жўнатилган. Уларнинг Россияда ишлаши доимий мониторинг қилиб борилади. Иш берувчи ташкилотнинг эса 13 июль куни ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иштирокида тартибсизликлар юз берган ташкилотга алоқаси йўқ.

Амур вилоятида ишчилар маошидан 14 миллион ушлаб қолингани аниқланди

Шунингдек, Амур вилояти Свободный туманидаги "Renaissance Heavy Industries" компаниясига тегишли вақтинчалик вахта шаҳарчасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирокида юз берган ҳодиса Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси томонидан назоратга олгани, мазкур масала бўйича Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ваколатли органлари билан мулоқот бошлангани маълум қилинган эди.

"31 июль куни жўнаб кетган 144 нафар ҳамюртларимизнинг Ўзбекистондан самолётда учиб бориш, яшаш, патент ва бошқа харажатлари иш берувчи томонидан тўлаб берилиши, шунингдек, уларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 40 - 60 минг рублни ташкил этиши белгиланган", - дейилади баёнотда.

Шу ўринда агентлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан турли асоссиз маълумотларни тарқатмасликларини, ишончсиз ахборотлар билан одамларни чалғитмасликларини сўраб қолган.