ТОШКЕНТ, 1 авг – Sputnik. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги Н.Ф.Гамалея маркази томонидан ишлаб чиқилган, коронавирус инфекциясига қарши вакциналарнинг клиник синовлари якунланди. Бу ҳақда журналистларга РФ соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко маълум қилди. Айни вақтда вакцинани рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатлар тайёрланмоқда.
"Гамалея маркази томонидан ишлаб чиқилган, коронавирус инфекциясига қарши вакцинанинг клиник тадқиқотлари якунланди ва ҳозирда уни рўйхатдан ўтказиш жараёни учун ҳужжатлар тўплами тайёрланмоқда", - деди Мурашко.
Вазир хабарига кўра, аҳолини оммавий эмлаш ишлари медиклар ва ўқитувчилардан бошланади.
"Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси олингач, қўлланила бошлайди ва параллел равишда (кузатув ишлари) олиб борилади, вакцинация алоҳида гуруҳлардан бошланади - бу биринчи навбатда медиклар ва ўқитувчилардир, бундан ташқари вакцина қилинган беморлар устидан назорат ишлари бошланади", - деди Мурашко журналистларга.
Вазирнинг сўзларига кўра, Россияда коронавирус инфекциясига қарши оммавий вакцинация октябр ойида бошланиши режалаштирилган.